
Трамп кутаётган янги харид: Гренландия АҚШга нега керак бўлиб қолди?
Доналд Трамп маъмурияти гренландияликларни Даниядан ажралиб чиқиш ва АҚШга қўшилишга кўндириш учун уларга йирик миқдорда пул таклиф қилмоқчи.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога Гренландияни Қўшма Штатлар томонидан сотиб олиниши бўйича расмий таклиф тайёрлаш топширилди. Бу ҳақда NBC News телеканали Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали мулозимга таяниб, хабар берди.
Журналистларнинг суҳбатдоши бундай режани ҳозирги вақтда Доналд Трамп учун энг устувор вазифа деб атади. Агар Америка расмийлари президентнинг мақсадига эришишга муваффақ бўлишса, улар Даниянинг ўз-ўзини бошқарувчи ҳудуди учун 700 миллиард долларгача тўлашлари мумкин.
Телеканалнинг учта манбасига кўра, орол қийматининг айнан шундай баҳосини Трампга олимлар ва АҚШ маъмуриятининг собиқ мулозимлари тақдим этишган.
«14 январ куни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио Трампнинг ниятлари ва таклифларини яхшироқ тушуниш учун Вашингтонга махсус ташриф буюрган Гренландия ва Дания расмий шахслари билан учрашув ўтказади», - дейилади хабарда.
Аввалроқ, Трамп ижтимоий тармоқларда Гренландия АҚШга миллий хавфсизликни таъминлаш ва «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини қуриш учун кераклигини ёзган эди. Шу билан бирга, у Гренландияни забт этиш жараёнига НАТО бошчилик қилишини қўшимча қилган.
Доналд Трамп сўнгги ҳафталарда АҚШнинг Гренландияга бўлган даъволарини бир неча бор таъкидлади. У оролни эгаллаш заруратини «Гренландия атрофида ҳар ерда Россия ва Хитой кемалари сузиб юргани» билан асослади. Гренландия Бош вазири куни кеча, агар орол аҳолиси АҚШ ва Дания ўртасида танлов қилишга мажбур бўлса, улар Данияни танлашларини маълум қилди. Бунга жавобан Трамп: «Бу уларнинг муаммоси», деб айтди.
Reuters агентлиги манбаларга таяниб ёзишича, Америка расмийлари Гренландия аҳолисини Даниядан ажралиб чиқиш ва АҚШга қўшилишга кўндириш учун уларга 10 минг доллардан 100 минг долларгача миқдорда бир марталик тўловлар ажратиш имкониятини муҳокама қилишган.
Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги баёнотлар нафақат ҳудудий даъво, балки Арктика бойликлари ва логистика йўллари устидан назорат ўрнатишга қаратилган глобал геосиёсий ўйиннинг бир қисмидир. Агар ушбу келишув амалга ошса, бу замонавий тарихдаги энг йирик ҳудудий олди-сотди шартномаси бўлади.





