
Трамп Мексикадаги наркокартелларга қарши ҳарбий операция эълон қилди
АҚШ Президенти гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйиш учун Мексика ҳудудида қуруқликдаги ҳарбий операциялар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйиш мақсадида Мексика ҳудудидаги наркокартелларга қарши кескин қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларга ўтишини эълон қилди. У бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида сўз очди.
Унга кўра, АҚШ ҳукумати денгиз орқали гиёҳванд моддалар етказиб беришнинг 97 фоизини тўсишга муваффақ бўлган. Денгиз йўллари ёпилганидан кейин жиноий гуруҳлар асосий эътиборни қуруқликдаги каналларга, айниқса чегара олди ҳудудларига қаратган. Унинг айтишича, шу сабаб АҚШ Қуролли кучларининг кейинги босқичдаги вазифаси бевосита қуруқликдаги амалиётларни фаоллаштиришдан иборат бўлади.
Трамп наркокартеллар амалда Мексиканинг муайян ҳудудларини ўз назоратига олганини ва уларнинг молиявий ҳамда ҳарбий имкониятлари кичик давлатлар салоҳияти билан тенглашиб қолганини қайд этди. Унинг фикрича, ушбу гуруҳлар Америкада гиёҳванд моддалар истеъмоли ва ўлим ҳолатлари кўпайишининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Президент аввалроқ ушбу картелларни «террорчилик ташкилотлари» деб атаган ва уларни АҚШ ҳудудидан ташқарида ҳам зарарсизлантиришга ваъда берган эди.
Мексика ҳукумати эса ўз навбатида суверенитет тамойилларини рўкач қилиб, АҚШнинг ҳар қандай бир томонлама ҳарбий аралашувига қатъий қарши чиқмоқда. Расмий Мехико барча ҳаракатлар фақат икки томонлама ҳамкорлик ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида амалга оширилиши зарурлигини таъкидламоқда. Экспертларнинг фикрича, АҚШнинг қўшни давлат розилигисиз ҳарбий операция бошлаши минтақада жиддий дипломатик инқирозга ва сиёсий кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин.





