Трампнинг Эрон билан «катта ўйини»: Оқ уй тарихий ғалаба ёки ҳалокат ёқасида
АҚШ Президенти Доналд Трамп Эроннинг юқори раҳбариятини йўқ қилиш орқали мисли кўрилмаган сиёсий таваккалга қўл урди. Ушбу уруш натижаси нафақат Яқин Шарқ, балки Трампнинг президентлик меросини ҳам белгилаб беради.

Доналд Трамп Эрон режимига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётни Флоридадаги Мар-а-Лаго резиденциясидан туриб шахсан кузатиб бормоқда. Ушбу қарор Америка сиёсати учун улкан хавфни англатади. Агар Трамп аввалги президентлар уддалай олмаган вазифани — Яқин Шарқни АҚШ ҳарбий машинаси ёрдамида қайта шакллантиришни амалга ошира олса, бу унинг тарихий триумфи бўлади. Бироқ зарбалар муваффақиятсизликка учраса ёки давомли урушга айланса, Трамп нафақат нояб ойидаги сайловларда республикачиларнинг имкониятларини, балки ўз обрўсини ҳам хавф остига қўяди, дейилади BBC мақоласида.
Трамп Эронга ҳужумни 47 йил давомида «Америкага ўлим» деб ҳайқирган ва халқаро терроризмни ёйган режимга нисбатан сабр косаси тўлгани билан изоҳлади. Трампнинг таъкидлашича, бу сафар АҚШ «абадий урушларни» тугатиш ваъдасига содиқ қолган ҳолда, кескин ва ҳал қилувчи зарба бериш йўлини танлаган.
«Мен катта ўйин ўйнаб, ҳамма нарсани эгаллашим ёки икки-уч кунда жараённи якунлашим мумкин», — деди у «Axios» нашрига.
Трамп интенсив бомбалашлар режимни тез орада таслим бўлишга мажбур қилади, дея ишончи комил.
Бироқ экспертлар вазият Трамп кутганидан кўра мураккаброқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Эрон раҳбариятининг йўқ қилиниши минтақадаги кескинликни назоратдан чиқариб юбориши мумкин. Трамп бир вақтнинг ўзида Эрон, Венесуэла ва Сурияда ҳарбий амалиётларни бошлаб юборгани унинг «изоляция» сиёсатидан воз кечганини англатадими ёки бу шунчаки куч ишлатиш орқали тинчликка эришиш стратегиями, ҳозирча номаълум. Америка халқининг, хусусан, MAGA ҳаракати тарафдорларининг бундай ҳарбий саргузаштларни қанчалик қўллаб-қувватлаши ҳам катта савол остида турибди.
Ички сиёсий босим ва қарама-қаршиликлар
АҚШ ичида Трампнинг ҳаракатлари кескин баҳсларга сабаб бўлди. Демократлар ва мухолифат вакиллари президентни Америка халқини истамаган урушга тортаётганликда айбламоқда. Камала Ҳарриснинг таъкидлашича, халқ янги қонли тўқнашувларни хоҳламайди. Конгрессдаги демократлар Трампнинг стратегияси ва мақсади аниқ эмаслигидан норози. Улар маъмуриятнинг жамият ва парламентни хабардор қилмасдан, импульсив қарорлар қабул қилаётганини танқид қилмоқда.
Трамп эса бунга жавобан: «Бир кун келиб уларнинг ўзлари менга қўнғироқ қилиб, кимни раҳбар этиб тайинлашни сўрашади», — дея киноя қилди.
Америка Ҳарбий-денгиз мактаби профессори Муҳаммад Ҳофизнинг фикрича, Эроннинг жавоб зарбалари уларнинг эскалацияга тайёрлигини кўрсатди. Эрон режими жаҳон иқтисодиётига зарба бериш орқали АҚШга босим ўтказишга ҳаракат қилади.
Чўзилиб кетган низо Трампнинг Саудия Арабистони билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ғазони қайта тиклаш каби бошқа режаларини ҳам чиппакка чиқариши мумкин. Ички бозорда нарх-навонинг кўтарилиши эса сайловчиларнинг ишончини сусайтириши тайин.
Трамп маъмурияти ичида ҳам Эрон масаласида якдил фикр йўқлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Шунга қарамай, президент ўзининг «нуқтали» бомбалашлар тўхтатиб бўлмас куч эканига ишонади. Ушбу сиёсий ва ҳарбий таваккал Трамп учун «ҳақиқат лаҳзаси» бўлади. У ёки Яқин Шарқни тинчлантирган қаҳрамонга айланади, ёки Американи янги глобал инқироз ботқоғига ботирган етакчи сифатида тарихда қолади.
Бинобарин, навбатдаги бир неча кун нафақат Теҳрон, балки Вашингтон учун ҳам ҳал қилувчи бўлади.





