add

Туркияда 6,1 баллик зилзила содир бўлди

28.10.2025 | 09:402821

Туркиянинг Синдирги шаҳрида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила кучи Истанбул ва Измирда ҳам сезилган.

Туркияда 6,1 баллик зилзила содир бўлди

27 октябр куни Туркиянинг Баликесир вилоятига қарашли Синдирги шаҳрида 6,1 магнитудали зилзила қайд этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар агентлиги (AFAD) маълум қилди.

Ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 22:48 да, яъни Тошкент вақти билан 28 октябр 00:48 да содир бўлган.

Маълумотларга кўра, зилзила ўчоғи ер юзасидан тахминан 6 километр чуқурликда жойлашган. Табиий офат натижасида учта турар жой биноси ва бир неча дўкон вайрон бўлган.

Қутқарув ва тиббий ёрдам гуруҳлари ҳозирда жабрланган ҳудудда фаол иш олиб бормоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сўзларига кўра, зилзила нафақат Баликесир, балки қўшни вилоятларда ҳам сезилган. У ҳукумат томонидан тезкор ёрдам гуруҳлари юборилганини ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.

AFAD маълумотларига кўра, асосий зилзиладан кейин 102 та қўшимча ер силкиниши — афтершок қайд этилган. Улардан энг кучлиси 4,3 магнитудага етган. Ер силкиниши натижасида жами 22 киши турли даражада жароҳат олган, шулардан 18 нафарига жойида тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил феврал ойида Туркияда Рихтер шкаласи бўйича 7,5 баллик кучли зилзилалар рўй берган эди. Оқибатда 11 та провинция ва қўшни давлатлар зарар кўрган, 50 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди. Мутахассислар фикрича, 2030 йилгача бу минтақада яна шундай кучли зилзилалар эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Туркияда 6,1 баллик зилзила содир бўлди | Vaqt.uz