Туркиядаги ноқонуний мигрантлар орасида ўзбекистонликлар учинчи ўринда
2025 йилда Туркияда ушланган ноқонуний мигрантлар орасида Ўзбекистон фуқаролари сони кескин ошди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қўлга олинган ноқонуний мигрантлар орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Туркия Миграция бошқармаси томонидан эълон қилинган расмий статистикада маълум қилинди.
Энг кўп ноқонуний мигрантлар

Маълумотларга кўра, энг кўп ноқонуний мигрантлар Афғонистон ва Сурия фуқаролари ҳиссасига тўғри келмоқда. 2024 йилда 65 815 нафар афғонистонлик ва 50 641 нафар суриялик қўлга олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 44 157 нафар ва 22 515 нафарни ташкил этган. 2026 йилнинг 19 феврал ҳолатига кўра, Афғонистондан 5 372 нафар, Суриядан эса 2 361 нафар шахс ушланган.
Ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар динамикаси
Ўзбекистон бўйича эса ўсиш қайд этилмоқда. 2024 йилда 11 521 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида ушланган ва бу кўрсаткич бўйича мамлакат тўртинчи ўринда эди. 2025 йилда эса қўлга олинганлар сони 13 683 нафарга етди ва натижада Ўзбекистон учинчи ўринга кўтарилди. 2026 йил бошидан буён 1 437 нафар Ўзбекистон фуқароси ушланган.
Шу билан бирга, Туркманистон, Эрон, Ироқ, Миср, Фас, Судан ва Жазоир фуқаролари ҳам ноқонуний миграция статистикасида қайд этилган. 2022 йилдан бери ўзбекистонликлар орасида қўлга олиш ҳолатлари ортиб бормоқда, Афғонистон фуқаролари бўйича эса аксинча пасайиш кузатилмоқда.
Аввалроқ Туркиядаги хорижлик келинлар рейтинги ҳам эълон қилинган бўлиб, унда Ўзбекистон аёллари Суриядан кейин иккинчи ўринни эгаллагани маълум қилинган.





