
Туркманистон фуқаролари АҚШ визаси учун гаров пули тўлайди
АҚШ визаси учун 15 минг долларгача гаров пули тўлайдиган давлатлар рўйхати кенгайтирилди.

АҚШ ҳукумати виза сиёсатида янги чекловларни жорий этиб, айрим давлатлар фуқаролари учун молиявий гаров тўлаш талабини кенгайтирди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. Қарорга кўра, энди Туркманистон фуқаролари ҳам АҚШ визаси учун 5 минг доллардан 15 минг долларгача гаров пули тўлаши шарт бўлади.
Маълум қилинишича, янгиланган рўйхатда жами 13 та давлат мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Африка қитъасида жойлашган. Янги қўшилган мамлакатлар қаторига Бутан, Ботсвана, Марказий Африка Республикаси, Гвинея, Гвинея-Бисау, Намибия ва Туркманистон киритилган. Бу қарор амалдаги миграция талабларини янада қатъийлаштиришга қаратилган.
Қоидаларга мувофиқ, виза олишни истаган аризачилар билан мажбурий юзма-юз суҳбатлар ўтказилади. Шунингдек, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, аввалги хориж сафарлари, оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар ҳамда молиявий ва турмуш шароитига доир ҳужжатлар чуқур ўрганилади.
АҚШ расмийларига кўра, гаров пули визанинг берилишини кафолатламайди. Бироқ ариза рад этилган тақдирда ёки виза эгаси белгиланган муддатда мамлакатни тарк этганини исботласа, тўланган маблағ тўлиқ қайтарилади. Асосий мақсад — виза муддати тугагач, мамлакатда ноқонуний қолиб кетиш ҳолатларини камайтириш.
Эслатиб ўтилишича, виза учун гаров тизими аввалроқ Мавритания, Сан-Томе, Принсипи, Танзания, Гамбия, Малави ва Замбия фуқароларига нисбатан жорий этилган эди. Янги қарор орқали АҚШ миграция назоратини янада кучайтиришни кўзламоқда.





