Учтепа туман прокурор ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
Тошкент шаҳрида прокурор ёрдамчиси тадбиркордан ижарага ер олиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркордан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган вақтида қўлга олинди.
Маълум қилинишича, у 2025 йил сентябрига қадар Шайхонтоҳур тумани прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаган, ҳозирда эса Учтепа тумани прокурори ёрдамчиси сифатида фаолият юритаётган эди.
У тадбиркорга Шайхонтоҳур туманида жойлашган икки уйнинг ертўла қисмидаги нотурар майдонларни ижарага олиб беришини ваъда қилган. Бу хизмат учун 15 минг АҚШ доллари талаб қилинган.
Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс пул маблағини ўзига тегишли автомашинасида олган вақтида ушланди. У ҳодиса жойидан қочишга уринган, бироқ ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Жавобгарлик
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди — фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фуқароларга бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.





