Украина ва Россия ўртасидаги «онглар жанги» янги босқичга кўтарилди — CNN
Импровизация ва технологиядаги янгиликлар замонавий урушни кескин ўзгартирмоқда. Ҳар икки томон оддий самолётлар, дронлар ва эски снарядларни жанговар платформаларга айлантирмоқда.

CNN телеканали маълумотига кўра, Украина ва Россия ўртасидаги тўқнашув энди фақат қурол миқдори билан эмас, балки технологик янгиликлар ва тез мослашиш қобилияти билан белгиланмоқда. Замонавий урушда импровизация ва илғор технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ҳар икки давлат ҳам турли техник ечимлардан фойдаланмоқда — енгил моторли самолётларга бомбалар ўрнатишдан тортиб, 200 кмгача масофада ҳаракатланувчи бошқарилувчи авиабомбалар ва денгиз дронларигача. Украина махсус операциялар кучларининг 14-полки енгил моторли самолётдан автоматик навигация тизими ва оддий бомба ёрдамида Дзержинскдаги портловчи моддалар заводига зарба бергани хабар қилинган.
Россия томони эса реактив двигателга эга бошқарилувчи авиабомбаларни ишга сола бошлаган. Уларнинг узоқ масофага учиш қобилияти Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари учун янги қийинчилик туғдирмоқда.
Кенг кўламда сунъий интеллект, робототехника ва дронлардан фойдаланиш урушнинг табиатини ўзгартирди. Украина яратган денгиз дронлари денгиздаги кучлар мувозанатига жиддий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, дронларни тутиб уриш учун пулемёт билан жиҳозланган енгил самолётлар қўлланилаётгани — арзон ва содда воситалар ҳам самарали бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
CNN таҳлилчилари таъкидлашича, юқори технологияли қуролларни оммавий ишлаб чиқариш учун йиллар керак бўлади, аммо тез импровизация уруш натижасини ҳозирнинг ўзида белгилаб бериши мумкин. Шу сабабли бу уруш энди доимий техник мусобақага айланди — арзон «франкенштейн» дронлардан то мураккаб ракета тизимларигача.





