
Уолл-стрит афсонаси Ўзбекистонни танлади: Жим Рожерс деярли барча ўзбек акцияларини сотиб олди
Таниқли инвестор портфелини тўлиқ Ўзбекистон акцияларига йўналтириб, маҳаллий бозорга ишонч билдирди.

«Rogers Holdings» эгаси Жим Рожерс «РБК» нашрига берган интервюсида Россия ва АҚШдаги активларини сотиб юборганини ҳамда 2025 йил якунига келиб ўз портфелига Ўзбекистон компанияларининг акцияларини қўшганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Рожерс биржада савдога қўйилган «акцияларнинг аксариятини» сотиб олган. Унинг сўзларига кўра, бундай акциялар «унчалик кўп эмас» ва у «деярли барчасини» харид қилган.
Ҳозирда «Тошкент» республика фонд биржасида банк, нефт-газ, телекоммуникация ва бошқа соҳаларга оид 85 та компания акциялари муомалада мавжуд.
Маълум бўлишича, унинг портфели фақат ўзбек эмитентлари акцияларидан иборат. Шунингдек, Рожерс Ўзбекистон миллий валютаси — сўмга ишонишини ва валюта хатарларини суғурталамаганини айтган.
Рожерс Ўзбекистон фонд бозорига бўлган қизиқишини 2021 йилдаёқ очиқ баён қилган эди, бироқ у пайтда мамлакатда активларга эга бўлмаган. Forbes нашри билан суҳбатда у Ўзбекистон иқтисодиёти «ниҳоят очилганини» таъкидлаб, хусусийлаштириш жараёнлари ва кутилаётган IPO'ларни кузатиб боришини билдирган.
Маълумот учун: Жим Рожерс ва Жорж Сорос 1970 йилларда Quantum Fund жамғармасига асос солган. Ўн йил ичида мазкур жамғарма тахминан 4 200 фоиз даромад келтирган — ваҳоланки, ўша даврда АҚШ фонд бозори 50 фоиздан ҳам камроқ ўсиш кўрсатган эди. Жамғарманинг мислсиз муваффақияти Рожерсга 37 ёшидаёқ бизнесни тарк этиб, нафақага чиқиш имконини берган. Кейинчалик у ўзининг инвестиция компаниясини ташкил этди, сармоя киритишда давом этди, дарс берди, саёҳат қилди ва китоблар ёзди.





