Уруш денгизда ҳам давом этмоқда: Эрон АҚШ авиаташувчисига баллистик ракеталар билан зарба берди
Абу Дабидаги АҚШ денгиз кучлари базасига эса Эрон дрони ҳужум қилган. БАА кечадан бери зарбаларда уч киши ҳалок бўлганини билдирди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг «USS Abraham Lincoln» авиаташувчисига тўртта баллистик ракета билан зарба берди. Бу ҳақда Эрон давлат оммавий ахборот воситалари хабар қилди.
«USS Abraham Lincoln» АҚШ денгиз кучлари таркибидаги «Nimitz» тоифасидаги бешинчи авиаташувчи ҳисобланади. У таркибида душман радарларидан қочиш қобилиятига эга бўлган энг сўнгги «F-35 Lightning II» стелс қирувчи самолётлари мавжуд.
Ушбу зарба гуруҳи, шунингдек, «Tomahawk» ер устига ҳужум қилувчи қанотли ракеталар билан жиҳозланган учта эсминецни ўз ичига олади ва одатда худди шу турдаги қуролни қўллайдиган атом қувватида ишлайдиган сувости кемаси ҳамроҳлигида ҳаракатланади.
АҚШ буни рад этди
АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom)нинг маълум қилишича, «USS Abraham Lincoln» Эрон ракеталари билан урилмаган.
«Учирилган ракеталар ҳатто яқин ҳам келмади», – дейилади «Centcom» баёнотида.
Шунингдек, мазкур авианосец Эрон томонидан келиб чиқадиган таҳдидларни бартараф этиш орқали «узлуксиз кампания» доирасида самолётларни учиришда давом этаётгани қайд этилган.
БАА: Эрон дронлари денгиз базасига ҳужум қилди, ёнғин юз берди
БАА Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Абу-Дабидаги «Al-Salam Naval Base» ҳудудидаги омборга қаратилган иккита Эрон дрони билан боғлиқ ҳодиса бартараф этилган. Ҳужум оқибатида умумий материаллар сақланган икки контейнерда ёнғин чиққан, аммо қурбонлар йўқ. Мудофаа вазирлиги бу ҳодисани «очиқча тажовуз ва миллий суверенитет ҳамда халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши» деб кескин қоралади.
Эрон давлат ОАВлари Абу-Дабидаги ҳарбий базага камида икки зарба берилганини хабар қилган, бироқ база нима сабабдан нишонга олингани ҳақида маълумот бермаган.
Вазирлик баёнотида айтилишича, ҳозирга қадар 167 та ракета ва 541 та Эрон дронига қарши чора кўрилган. Ушбу дронлардан 35 таси мамлакат ҳудудига қулаган, натижада уч киши ҳалок бўлган, 58 киши енгил жароҳат олган ҳамда «моддий зарар» етган. Вазирлик юқори жанговар шайлик ҳолати сақланаётганини ва ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга тайёр эканини билдирган.





