Уй-жой бозори таҳлили: Пойтахтдаги энг арзон уйлар қайси ҳудудда жойлашган?

2026 йил апрел ойида Тошкент уй-жой бозорида умумий нархлар кескин ўзгармаган бўлса-да, туманлар ва хоналар сони кесимида фарқ сезиларли кучайди.

Уй-жой бозори таҳлили: Пойтахтдаги энг арзон уйлар қайси ҳудудда жойлашган? © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, апрел ойида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жой бозорида фаоллик сезиларли даражада пасайган.

Ҳисоботга кўра, ой давомида жами 44,5 мингта уй-жой эълони жойлаштирилган. Бу март ойига нисбатан 13,4 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 17,7 фоизга камдир.

Бозорда бирламчи сегмент улуши ўсишда давом этмоқда. 2024 йил январда янги уйлар улуши 33,8 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 47,6 фоизга етган. Шу билан бирга, иккиламчи бозор улуши 66,2 фоиздан 52,4 фоизга тушган.

Нархларда сегментлар бўйича фарқ

Уй-жой бозорида 2–3 хонали сегментларда нарх нисбатан барқарор сақланмоқда. Бирламчи бозорда 4+ хонали юқори нарх сегментида пасайиш сақланмоқда, иккиламчи бозорда эса ушбу сегментда мўътадил ўсиш қайд этилди.

Бирламчи бозорда нархларнинг ўзгариши:
3 хонали — 1,8 фоизга ўсган;
2 хонали — 0,7 фоизга ўсган;
1 хонали — 1,6 фоизга тушган;
4+ хонали — 2,1 фоизга тушган.

1

2

Иккиламчи бозорда нархларнинг ўзгариши
1 хонали — 3,5 фоизга ўсган;
2 хонали — 0,4 фоизга ўсган;
3 хонали — 1,2 фоизга ўсган;
4+ хонали — 0,6 фозига ўсган.

Марказга яқин ҳудудларда тўлиқ таъмирланган уйлар нархи юқорилигича қолмоқда

Энг юқори нархлар Миробод тумани, Яккасарой тумани ва Мирзо Улуғбек туманида кузатилмоқда. Ушбу ҳудудларда 1 метр квадрат учун таклиф нархи 1413 доллардан 2121 долларгача етган.

Шайхонтоҳур тумани, Юнусобод тумани, Чилонзор тумани ва Яшнобод туманида бу кўрсаткич 1195–1797 доллар оралиғида шаклланган.

Энг паст нархлар Учтепа тумани, Олмазор тумани ҳамда Сирғали туманида қайд этилган. Бу ҳудудларда нархлар 900–1367 доллар атрофида.

«Янги Тошкент» таъсири

Яшнобод туманидаги нарх ўсишини қурилиш фаоллиги, инфратузилма ривожи ва Янги Тошкент лойиҳаси билан боғлиқ кутилмалар билан изоҳланмоқда.

Шу билан бирга, нақдсиз олди-сотди тартибининг жорий қилиниши ҳозирча бозорда кескин ўзгаришларга олиб келмаган. Мутахассислар унинг ҳақиқий таъсирини баҳолаш учун йилнинг иккинчи ярмидаги динамика муҳим бўлишини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, уй-жой арзон ёки қиммат сотилса, кўчмас мулк объектлари бозор қийматидан келиб чиқиб солиқ қайта ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid