Уй-жой учун субсидияга ариза қабул қилиш муддати эълон қилинди
Ўзбекистонда уй-жой учун ипотека субсидиясига аризаларни my.gov.uz ёки ДХМ орқали топшириш мумкин.

Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича давлат субсидиясини олиш учун аризалар 2026 йил 16 март куни соат 09:00 дан бошлаб қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги 29-сонли фармонида белгиланган.
Субсидия ипотека кредити бўйича бошланғич бадални қоплаш ёки кредит фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш учун ажратилади.
Аризаларни топшириш
Фуқаролар аризани икки хил усулда топшириши мумкин. Биринчи усул — Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш. Иккинчи усул — my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда ариза юбориш.
Аризаларни қабул қилиш жараёни 2026 йил 1 декабрига қадар давом этади. Шу вақт давомида ипотека субсидиясини олиш истагида бўлган фуқаролар белгиланган тартибда ҳужжатларини тақдим этиши мумкин.
Субсидиядан фойдаланиш учун асосий талаблардан бири — ариза берувчининг ўртача ойлик даромади белгиланган меъёрларга мос бўлиши. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда яшовчилар учун бу кўрсаткич меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача бўлиши керак.
Тошкент шаҳрида эса даромад мезони бироз юқорироқ белгиланган. Пойтахтда яшовчи фуқароларнинг ўртача ойлик даромади меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлиши талаб этилади.
Субсидия олиш учун ариза берган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мослиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiyа.idm.uz дастурий тизими орқали текширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилдан бошлаб ипотека кредитлари бюджет маблағлари ҳисобидан асосан расмий даромадга эга фуқароларга ажратилади. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятига босқичма-босқич эга бўлади.
Хусусан, 2026-йилда охирги бир йил, 2027-йилда охирги икки йил ва 2028-йилдан бошлаб охирги уч йил давомида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаб келаётган ўзини ўзи банд қилган шахслар ипотека кредитларини олиши мумкин бўлади.





