Уй ва машина савдоси: 1 апрелдан нақд пулда тўлов тақиқланиши мумкин
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва айрим транспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китоб фақат банк орқали, нотариус назоратида амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Адлия вазирлиги ва Марказий банк жамоатчилик муҳокамасига қўйган янги низом лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб уй-жой ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O, G тоифадаги транспорт воситаларини сотишда тўлов тартиби тўлиқ ўзгаради.
Энди харидор ва сотувчи ўртасида пул тўғридан тўғри қўлдан қўлга берилмайди. Ҳисоб-китоб банк ва нотариус ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви орқали амалга оширилади.
Лойиҳа муаллифлари бу механизм орқали нақд пул айланмасини қисқартириш, шаффофликни ошириш ва қалбаки битимлар хавфини камайтириш мақсад қилинганини таъкидламоқда.
Янги тартиб қандай ишлайди?
Аввало, харидор банкка мурожаат қилиб, битим учун махсус эскроу ҳисобварақ очади. Харидор пулни айнан шу ҳисобвараққа жойлаштиради. Пул сотувчига тўғридан тўғри ўтказилмайди.
Кейин тарафлар нотариусга мурожаат қилади. Нотариус ўз ахборот тизими орқали банкдан эскроу ҳисобда маблағ мавжудлигини электрон тарзда текширади. Агар пул жойлаштирилган бўлса ва тарафларда эътироз бўлмаса, шартнома тасдиқланади.
Шартнома тасдиқлангани ҳақида нотариус тизим орқали банкка хабар юборади. Фақат шундан кейингина банк эскроу ҳисобдаги пулни автоматик равишда сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказади. Агар шартнома тасдиқланмаса, маблағ харидорга қайтарилади.
Нима ўзгаради?
Янги механизм амалда нақд пул билан йирик битимлар тузиш амалиётини тугатади. Бу, бир томондан, солиқ ва ҳисоб-китоб интизомини кучайтириши мумкин. Иккинчи томондан, бозор иштирокчилари учун қўшимча банк жараёнлари ва расмийлаштириш босқичларини талаб қилади.
Молиявий таҳлилчилар фикрича, эскроу механизми тарафлар хавфини камайтиради, айниқса уй-жой бозорида. Бироқ тизимнинг техник тайёргарлиги ва банк хизматлари тезкорлиги ҳал қилувчи омил бўлиб қолади.
Агар лойиҳа тасдиқланса, 2026 йилдан кўчмас мулк ва машина савдосида «қўлдан-қўлга пул бериш» усули якунига етиши мумкин.





