add

«Uzbekistan Airways» самолёти Красноярскка фавқулодда қўнди

Тошкентдан Владивосток томон учган Boeing 767-300 самолётининг бир двигатели парвоз чоғида ишдан чиққани айтилмоқда.

«Uzbekistan Airways» самолёти Красноярскка фавқулодда қўнди

«Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тегишли, ишлаб чиқарилганига 22 йил бўлган Boeing 767-300 самолёти техник сабабларга кўра Россиянинг Красноярск шаҳри аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Ҳодиса 21 январ куни парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарор асосида содир бўлган.

Маълум қилинишича, UK67007 рақамли самолёт HY707 рейси билан Тошкент – Владивосток йўналиши бўйича парвоз қилаётган бўлган. Учиш вақтида самолёт двигателларидан бирида техник носозлик аниқлангач, экипаж вазиятни баҳолаб, яқин захира аэропортга қўниш ҳақида қарор қабул қилган.

Самолёт маҳаллий вақт билан соат 14:46 да Красноярск аэропортига муваффақиятли қўндирилган. Бортда жами 122 нафар йўловчи ҳамда экипаж аъзолари бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Самолёт қўниши барча авиация хавфсизлиги талабларига мувофиқ, штат режимида ўтган.

Россия ОАВларининг хабар беришича, фавқулодда қўниш вақтида аэропортнинг барча хизматлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.

Расмий муносабат

«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Техник сабабларга кўра HY707 рейси (Тошкент — Владивосток) Красноярск шаҳридаги захира аэропортига йўналтирилди», дейилади авиакомпаниянинг расмий Телеграм каналида.

HY707/708 рейсларининг кейинги ҳаракат жадвали ва батафсил маълумотлар қўшимча равиш эълон қилиниши таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid