Uzcard ёки HUMO: 2025 йилда қайси бири кўпроқ фойда қилди?
2025 йил якунларига кўра Uzcard ва Humo тўлов тизимлари йирик молиявий натижаларни қайд этди, икки компания ўртасидаги фойда фарқи эса сезиларли даражада ажралиб турибди.

Ўзбекистоннинг икки йирик миллий тўлов тизими — Uzcard ва Humo 2025-йил якуни бўйича молиявий натижаларини эълон қилди.
HUMO 312 млрд сўмдан ортиқ соф фойда қилди
Humo тўлов тизими 2025-йил якунларига кўра 312,5 млрд сўм соф фойда қайд этди.
Соф фойда 2024-йилдаги 168,3 млрд сўмга нисбатан қарийб 85 фоизга ошган. Бу эса Humo тизими орқали амалга оширилаётган операциялар ҳажми ва хизматларга бўлган талаб сезиларли даражада кенгайганини кўрсатади.
Компаниянинг асосий фаолиятидан олинаётган фойда 310,3 млрд сўмга етган бўлиб, операцион самарадорлик юқори даражада сақланган.
2025-йилда компаниянинг умумий тушуми 628,9 млрд сўмни ташкил этди. Шунингдек, маҳсулот ва хизматлар таннархи 214,9 млрд сўмни ташкил қилган бўлиб, натижада ялпи фойда 414 млрд сўмга етган. Маъмурий харажатлар 60,7 млрд сўмни, бошқа операцион харажатлар эса 42,8 млрд сўмни ташкил этгани ҳисоботда қайд этилган.
Молиявий фаолиятдан тушган даромадлар 18 млрд сўм атрофида бўлган. Асосан, бу фоиз даромадлари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, молиявий харажатлар нисбатан паст — 739 млн сўм даражасида сақланган.
Компания активлари йил давомида сезиларли ўсиб, 714,3 млрд сўмга етди. Бу 2024-йилга нисбатан кескин ўсишни англатади. Ўз капитали эса 625,6 млрд сўмга қадар ошган бўлиб, компаниянинг молиявий барқарорлиги ва ички ресурслари мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, фойда солиғи юки камайган. 2024-йилда 31 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўланган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 15,2 млрд сўмга тушган.
Uzcard 1,3 трлн сўм соф фойда қилган
«Ягона умумреспублика процессинг маркази» — Uzcard тўлов тизими 2025-йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олишга эришди. Бу ҳақда компаниянинг йил якуни бўйича молиявий ҳисоботида маълум қилинди.
Uzcard фойдаси долларда ҳисобланганда 103,8 млн долларни ташкил қилди. Соф фойда 2024-йилдаги 955 млрд сўмга нисбатан қарийб 37 фоизга кўпайган.
Компания даромади 2025-йилда 68 фоизга ошиб, 2,2 трлн сўмгача кўтарилди. Даромаднинг асосий қисми қуйидаги манбалардан шаклланган: транзакциялар процессингидан олинган комиссиялар — 1,94 трлн сўм, транзакцион бўлмаган процессинг комиссиялари — 230,6 млрд сўм, бошқа тушумлар эса 2,6 млрд сўмни ташкил этди.
Йил давомида Uzcard активлари 48 фоизга ўсиб, 1,1 трлн сўмга етди. Капитал эса 37 фоизга кўпайиб, 809 млрд сўмни ташкил қилди.
Шунга қарамай, фойда солиғи камроқ тўланмоқда. 2024-йилда 6,39 трлн сўмлик солиқ тўланган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич 6,18 трлн сўмгача тушган. Бунга Uzcard’нинг IT Park резиденти сифатида берилган қатор имтиёзлардан фойдаланаётгани сабаб бўлган.
Молиявий ҳисобот дунёдаги етакчи аудиторлик компаниялари — «Катта тўртлик» таркибига кирувчи Ernst & Young (EY) томонидан аудитдан ўтказилган.
Соф фойда бўйича Uzcard Ўзбекистондаги деярли 90 фоиз банкка нисбатан кўпроқ фойда олган. Компаниядан фақат «Миллий банк», «SQB», «Kapitalbank» ва «Hamkorbank» юқорироқ натижа қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025-йил давомида бир қатор йирик хусусийлаштиришлар ва маҳаллий сотувлар амалга оширилгани ҳақида битимлар жамланмаси тақдим этилган эди.
Teglar






