«UzTEST» маркази тугатилмоқда: соҳалар тўлиқ халқаро стандартларга ўтади
Техник тартибга солиш тизими халқаро талабларга мослаштирилади, эскирган стандартлар бекор қилинади ҳамда синов ва сертификатлаш хизматлари тўлиқ хусусий секторга берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 феврал куни техник тартибга солиш соҳасини халқаро талаблар асосида янгилаш бўйича тақдимот билан танишди. Сўнгги тўрт йилда миллий стандартларнинг ярми халқаро талабларга уйғунлаштирилди, аккредитация тизими 185 давлат орасида 29-ўринни эгаллади. Миллий лабораториялар натижалари 37 давлат томонидан тан олина бошлади.
Шу билан бирга, хавф даражаси юқори бўлган 156 товар позициясини мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди, мажбурий сертификатлаш 27 фоизга қисқарди. Бироқ Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида тизим тўлиқ халқаро стандартларга мослаштирилиши шарт экани таъкидланди.
Бозор назоратига ўтиш
Амалдаги тартибга кўра, талабга жавоб бермайдиган маҳсулот аниқланганда тадбиркор фаолияти чекланади. Ривожланган давлатларда эса хавф-таҳлил асосида бозор назорати амал қилади ва ишлаб чиқарувчи маҳсулот мувофиқлигини декларациялайди.
Шу муносабат билан давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечилиб, «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 33 мингдан ортиқ стандартнинг 50 фоизи эскиргани сабаб 6 техник регламент бекор қилинади, 29 таси қайта кўриб чиқилади. 2026 йилда 4 460 та, 2027 йилда 2,5 мингдан зиёд, 2028 йилда 817 та халқаро стандарт қабул қилинади.
2026 йил 1 июлдан тўқимачилик, чарм, мебел, электротехника, автомобилсозлик ва ахборот технологиялари соҳаларида, 2027 йилдан нефт-газ, металлургия, транспорт, қурилиш ва тиббиётда, 2028 йилдан энергетика ва кимёда тўлиқ халқаро стандартларга ўтиш режалаштирилган.
Институционал ўзгаришлар
Сертификация тизими соддалаштирилади, мажбурий сертификатлаш босқичма-босқич декларациялашга ўтказилади. «Маҳсулотнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилиш таклиф этилди.
Техник тартибга солиш агентлиги таркиби қисқартирилиб, «UzTEST» маркази тугатилади, Аккредитация маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. Синов ва сертификатлаш хизматлари хусусий секторга берилади. Айни пайтда 207 синов лабораторияси ва 73 сертификатлаш идораси фаолият юритмоқда. Бозорга «Intertek», «SGS», «Bureau Veritas», «TÜV» каби халқаро компаниялар жалб қилинади.
Давлат раҳбари янги тизимни жорий этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.





