Uzum, Korzinka ва Centrum халқаро IPOга тайёрланмоқда: нега Тошкентда эмас?

23.10.2025 | 18:002 daqiqa

Ўзбекистоннинг учта йирик хусусий компанияси халқаро биржаларга чиқиш режасини эълон қилди. Нега бу компаниялар акцияларини Тошкент фонд биржасида жойлаштирмаяпти?

Uzum, Korzinka ва Centrum халқаро IPOга тайёрланмоқда: нега Тошкентда эмас?

Uzum 2027 йилда Лондонда 2-3 миллиард долларлик баҳоланишни кутмоқда, Centrum Holding 2026 йил охиригача халқаро листингни амалга оширишни мўлжаллаган. Korzinka эса аниқ муддатни очиқламаган бўлса-да, тайёргарлик босқичида экани маълум.

Барча эътибор хорижга қаратилган, аммо савол туғилади: нега бу компаниялар акцияларини Тошкент фонд биржасида жойлаштирмаяпти?

Республика фонд биржаси (UZSE) ҳали йирик жойлаштиришлар учун тўлиқ тайёр эмас. Унинг умумий капитализацияси 8-10 трлн сўм, тахминан 600–700 млн доллар атрофида, кунлик савдо ҳажми эса 1-2 млн долларни ташкил этади. Сўнгги йилларда ўтказилган IPOлар асосан кичик компаниялар ҳиссасига тўғри келган ва инвесторлар учун етарли ликвидликни таъминлай олмаган. Масалан, Лондон ёки Nasdaq биржалари триллионлаб долларлик капитализацияга эга, глобал инвесторлар фаол иштирок этади, акцияларни сотиш ёки сотиб олиш дақиқалар ичида амалга ошади.

Компаниялар халқаро биржаларни нега танламоқда?

Биринчидан, хорижий биржаларда компаниялар қиймати юқорироқ баҳоланади, технологик ёки истеъмол сектори компаниялари Ўзбекистонга нисбатан икки-уч баравар қиммат нархда сотилиши мумкин.

Иккинчидан, халқаро инвесторлар: пенсия фондлари, инвестиция жамғармалари ва венчур капитал эгалари Ўзбекистонда деярли йўқ. Маҳаллий инвесторлар сони кам, институционал инвесторлар тизими эса эндигина шаклланмоқда.

Учинчидан, ликвидлик паст: Республика фонд биржасида акцияларни тез сотиш ёки катта ҳажмда битим тузиш қийин. Бундан ташқари, рейтинг агентликлари, мустақил таҳлилчилар ва бозор инфратузилмаси етарли даражада шаклланмаган.

Uzum, Korzinka ва Centrumʼнинг халқаро бозорга чиқиш режалари Ўзбекистон бизнесининг глобал амбициясини кўрсатмоқда. Аммо бу тенденция бир саволни очиқ қолдиради: агар энг йирик компаниялар капитални фақат четдан излаётган бўлса, ички фонд бозори қандай ривожланади?

Келажакда ҳукумат ва регуляторлар олдида икки йўл турибди: маҳаллий бозорни жозибадор қилиш ёки Ўзбекистон брендларини халқаро листингда қўллаб-қувватлаш. Бу йўл мамлакат капиталининг қаерда тўпланишини белгилайди.

 Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar