Валюта операциялари қоидалари янгиланмоқда: нималар ўзгаради?
Ўзбекистонда валюта операциялари бўйича қоидалар қайта кўриб чиқилмоқда. Элон қилинган қонун лойиҳаси банклар фаолиятидан тортиб, оддий фуқароларнинг пул ўтказмаларигача бўлган жараёнларга таъсир қилади.

Марказий банк Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун лойиҳасини эълон қилди.
Унга кўра, банклар фаолияти, аҳоли ўртасидаги пул ўтказмалари, валюта бозори инструментлари ва хорижий инвесторлар учун шароитлар қайта кўриб чиқилмоқда.
Ўзгаришлардан бири валюта операцияларини ўзгартириш ҳақидаги қонунчиликда “тижорат банклари” ҳақидаги жумлалар “банклар” деган сўз билан алмаштирилмоқда.
Жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмалар “носавдо тусдаги пул ўтказмалари” сифатида аниқ ифодаланмоқда. Бу қарз бериш, ёрдам пули юбориш каби операцияларни ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқроқ тартибга солади.
Шунингдек, банклар ва Марказий банк своп ва дериватив операцияларни халқаро ИСДА стандартлари асосида амалга ошириши кўзда тутилмоқда.
Банкларнинг валюта олди-сотди операциялари эндиликда “Валюта операциялари ҳисобини юритиш” ахборот тизими — ФEРУз орқали ҳисобга олинади. Бу орқали Марказий банк бозорни реал вақтга яқин режимда кузатиш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, янги қўшимчаларга билан хорижий инвесторларга қимматли қоғозлардан олинган даромадларни, дивиденд ва фоизларни, активларни сотишдан тушган маблағларни олиб чиқиш учун валютани сотиб олиш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, норезидент жисмоний шахслар валюта айирбошлашда маблағларнинг қонуний манбасини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши шарт қилиб белгиланмоқда. Операция суммаси тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган сумма миқдоридан ошмаслиги лозим.
Яна бир муҳим ўзгариш — банклар кассасидан нақд чет эл валютасини бериш тартиби алоҳида белгилаб қўйилмоқда. Яъни кимга, қандай ҳолатда ва қайси мақсадлар учун нақд валюта берилиши аниқ қилиб ёзилади. Бу орқали амалдаги тарқоқ нормалар бир жойга жамланади.
Бунда жисмоний шахслар ўз ҳисобварақларидан чет эл валютасини чекловларсиз ечиб олиши мумкин бўлади.
Юридик шахслар эса валютани фақат маълум мақсадларда (масалан, хизмат сафари) олиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, шикастланган ёки тўловга яроқсиз банкноталарга нисбатан талаблар ҳам кучайтирилмоқда. Энди бундай пуллар банклар томонидан қабул қилиниши мумкин, лекин уларни қайта муомалага чиқаришга йўл қўйилмайди.





