Вазирликнинг хизмат сафарларига сарфлаган маблағи, пулли йўл тарифлари ва гўшт импортига субсидия — 7-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сурхондарёда газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берди
7 апрел куни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса “КАМАЗ” русумли газ ташувчи автомобилдан сиғимга газ қуйиш жараёнида чақнаш юзага келиши натижасида келиб чиққан. Қутқарув хизматлари тезкор етиб келиб, ёнғинни қисқа вақт ичида ўраб олган ва соат 10:10 да тўлиқ ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ, икки нафар фуқаро енгил куйиш жароҳати олган. Уларнинг бири 10 фоиз, иккинчиси 3–4 фоиз даражада жароҳатланган бўлиб, айни пайтда аҳволи яхши экани маълум қилинган.
2025 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хизмат сафарларига қанча маблағ сарфлангани очиқланди
2025 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарлари хизмат сафарлари учун жами 3,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Шундан 120 та хорижий сафарга 2 млрд 447 млн сўм йўналтирилган бўлиб, сафарлар 24 та давлатни қамраб олган ва ҳар бири ўртача 20,4 млн сўмга тушган. Энг кўп маблағ Францияга амалга оширилган 15 та сафарга (427 млн сўм) сарфланган, энг қиммат сафар эса Лондонга 78,6 млн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, йил давомида 383 та маҳаллий хизмат сафари амалга оширилиб, улар учун 875,8 млн сўм сарфланган. Энг кўп сафарлар Самарқанд вилоятига (105 та), энг кам сафарлар эса Қашқадарё вилоятига (14 та) тўғри келган.
Ўзбекистонда пулли йўл тарифлари қандай белгиланиши маълум қилинди
Ўзбекистонда пулли автомобил йўллари учун тарифлар масофа, ҳудуд ва транспорт турига қараб белгиланади. Сенат муҳокамаларида маълум қилинишича, тарифларни шакллантириш услубиятини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди, бунда аҳолининг ижтимоий ҳолати ҳам инобатга олинади. Йирик йўналишларда енгил автомобиллар, юк машиналари ва автобуслар учун алоҳида тарифлар жорий этилади, шунингдек ташилаётган юк хусусияти ҳам ҳисобга олинади.
Шу билан бирга, тарифларни сунъий оширишга йўл қўйилмайди ва операторлар тирбандлик ёки об-ҳаво шароитига қараб нархни ўзгартиролмайди. Йиғилган маблағларнинг сарфи «Шаффоф йўл» платформаси орқали очиқ кузатиб борилади, тушумлар эса йўлларни сақлаш ва давлат бюджетига йўналтирилади.
Гўшт импортига субсидия жорий этилди
Ўзбекистонда гўшт импортини қўллаб-қувватлаш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида субсидиялар жорий этилди. Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 апрелдан 1 августгача тадбиркорларга мол ва қўй гўштини ҳаво транспорти орқали олиб кириш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади, бироқ ҳар бир килограмм учун 0,8 доллардан ошмаслиги белгиланган.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан 31 декабргача наслдор қорамол импорти учун ҳам субсидия ажратилиб, унинг қийматининг 10 фоизи давлат томонидан қопланади (бир бош учун 4 млн сўмгача). Ушбу маблағлар Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали молиялаштирилади ва чоралар гўшт бозорида нархларни барқарорлаштириш ҳамда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган.
Сенат шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни маъқуллаб, у аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, эски ва хавфли биноларни янгилаш ҳамда шаҳар инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилди. Қонунга кўра, реновация жараёнлари очиқлик тамойили асосида амалга оширилиб, барча маълумотлар махсус электрон платформа ва расмий манбалар орқали эълон қилинади.
Ҳужжатда мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги белгилаб қўйилиб, компенсациянинг бир нечта шакллари — янги уй-жой, пул ёки бошқа келишув асосида тақдим этилади. Шунингдек, мулкдорларга қўшимча равишда 12 фоизлик бир марталик компенсация тўланади. Қонун доирасида кўчириш жараёнлари, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда реновацияни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.





