"Вазият мураккаб": Киев аҳолиси огоҳлантирилмоқда

10.10.2025 | 23:003 daqiqa

Киев мэри фуқароларни сув ва озиқ-овқат захира қилиш, қурилмаларни қувватлантириш ва иссиқ кийим тайёрлашга чақирди.

"Вазият мураккаб": Киев аҳолиси огоҳлантирилмоқда
Киев шаҳри мэри Виталий Кличко яқин кунларда россияликларнинг янги ҳужуми кутилаётгани ҳақида маълум қилди ва Украина пойтахти аҳолисини сув, озиқ-овқат захираси қилишга, гаджетларни қувватлантириб қўйишга ҳамда иссиқ кийимларни тайёрлаб қўйишга чақирди. "Вазият мураккаб. Келинг, ўзимизни овутмасдан, ҳақиқатни гапирайлик... Яқин кунларда янги ҳужум бўлиши кутилмоқда. Мен Киев аҳолисига имкон қадар ҳушёр бўлиб, амалий ҳаракат қилишларини сўрайман. Сув захирасини, дори қутисини, озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини тайёрланг, автоном таъминот қурилмаларини қувватлантиринг. Иссиқ кийимларни тайёрлаб қўйинг. Огоҳлантириш сигналларини эътиборсиз қолдирманг", - дея ёзди Кличко ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. Унинг айтишича, 10 октябр куни Киев оқибатлари бўйича энг оғир ҳужумлардан бирини бошдан кечирган. Эрта тонгдан бошлаб барча хизматлар Россия ҳужуми оқибатларини бартараф этиш ишларига жалб этилган. Энергетиклар аллақачон 423 мингдан ортиқ истеъмолчига электр энергиясини қайта улаган. Кличко, шунингдек, сув таъминоти тизими фаолияти тиклангани ва у оддий тартибда ишлаётганини маълум қилди. 10 октябрга ўтар кечаси Россия Украинага 32 та ракета ва 465 дан ортиқ турли дронлар, ҳаво ва ер устидаги ракеталар билан зарба берди. Киев кучли ҳужумга учради. Украина пойтахтида электр энергияси ва сув таъминотида узилишлар рўй берди.

Teglar

Mavzuga oid