Logo

Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та медаль олди

Bugun 13:551 daqiqa

Уларга бериладиган мукофот пули умумий ҳисобда 2 миллиард 884 миллион сўмни ташкил этади. Устозларига эса 494,4 миллион сўм берилади.

Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та медаль олди

Тошкентда 10-июль куни старт олган ва дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакати иштирок этган 58-Халқаро кимё олимпиадаси якунланди. Унда қатнашган 4 ўзбекистонликнинг барчаси совриндорлар қаторидан жой олди.

Жумладан, Райҳона Туймуродова олтин медални қўлга киритди. Жасур Мустафоев, Азизмуҳаммад Ҳафизов ҳамда Миржалол Ҳомиджонов эса кумуш медаль билан тақдирланди.

Ўзбекистон президентининг 2024-йил 30-сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, нуфузли халқаро фан олимпиадаларида медаль қўлга киритган ўзбекистонлик иштирокчилар пул мукофоти билан тақдирланади. Мазкур тартибга кўра, олтин медаль соҳибига 1 миллиард 30 миллион сўм, кумуш медаль соҳибига 618 миллион сўм, бронза медаль соҳибига эса 412 миллион сўм берилади.

Уларни тайёрлаган ўқитувчиларни ҳам моддий рағбатлантириш назарда тутилган. Яъни олтин медаль совриндорининг устозига 185,4 миллион сўм, кумуш медаль совриндорининг устозига 103 миллион сўм, бронза медаль олганларнинг устозига эса 61,8 миллион сўм пул мукофоти берилади. Бундан ташқари, ғолибларни халқаро олимпиадага тайёрлаган ўқитувчиларнинг малака тоифаси бир поғона оширилиши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, бу галги ўзбекистонлик ғолиб ва совриндорларнинг барчасига умумий ҳисобда 2 млрд 884 млн сўм, ўқитувчиларига эса 494,4 млн сўм тўлаб берилади.

Teglar

Mavzuga oid