Хантавируснинг Ўзбекистонда тарқалиш эҳтимоли борми?

Bugun 19:552 daqiqa

Нурмат Атабеков ҳолат бўйича изоҳ берди.

Хантавируснинг Ўзбекистонда тарқалиш эҳтимоли борми? © ssv

Ижтимоий тармоқларда дунёнинг айрим мамлакатларида хантавирус инфекцияси тарқалаётгани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда.

Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков вазиятга изоҳ берди.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда хантавирус билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарор бўлиб, касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Вирус пандемия чақирмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бу инфекция коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ҳамда мутахассислар фикрича, глобал пандемияни юзага келтирмайди.

Таъкидланишича, хантавируснинг 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримлари инсонларда касаллик чақириши мумкин. Инфекция асосан кемирувчилар орқали юқади.

Вирус зарарланган кемирувчиларнинг пешоби, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган нарсалар, чанг ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари орқали инсонга ўтиши мумкин.

Қандай белгилар кузатилади?

Таъкидланишича, касаллик тана ҳарорати ошиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш ва мушак оғриқлари билан кечиши мумкин.

Оғир ҳолатларда эса буйрак етишмовчилиги, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими билан боғлиқ асоратлар юзага келиши эҳтимоли бор.

Ҳозирча дунёда хантавирусга қарши махсус вакцина ёки аниқ даволаш протоколи мавжуд эмас. Даволаш жараёни асосан симптомларга қараб олиб борилади.

Профилактик тавсиялар

Мутахассис аҳолига шахсий гигиенага риоя қилиш, яшаш ва иш жойларини тоза сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз сақлаш ҳамда мева-сабзавотларни яхшилаб ювишни тавсия қилди.

Шунингдек, омборхона ва ёпиқ хоналарни мунтазам шамоллатиш, кемирувчилар чиқиндиларини супуришдан аввал намлаб тозалаш зарурлиги айтилди.

Маълум қилинишича, мамлакатда эпидемиологик вазиятни назорат қилиш мақсадида 53 та чегара пунктида доимий санитария назорати йўлга қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid