Хитойда компания раҳбари ходимларига 26 млн доллар пул тарқатди
У корпаратив кечада компаниянинг 2025 йилги фойдасининг қарийб 70 фоизини 7 минг нафар ходим ўртасида тақсимлаган.

Хитой ижтимоий тармоқларида бир компания ва унинг раҳбари вирусли тарзда оммалашди. Бунга сабаб, компания 270 миллион юан соф фойдасидан 180 миллион юанни (26 миллион доллар) йил якуни бўйича мукофот сифатида тақсимлагани бўлди. Бу ҳолат интернет фойдаланувчилари орасида умумий ҳавас ва ҳасад уйғотган, деб ёзади «South China Morning Post».
Пулли зиёфат
13 феврал куни «Henan Kuangshan Crane Co.» компанияси йиллик корпоратив гала-кечасини ўтказди. Унда 60 миллион юандан (8,7 миллион доллар) ортиқ нақд пул мукофотлари тарқатилди. Тадбирда тахминан 7 минг нафар иштирокчини жойлаштириш учун 800 та банкет столи ўрнатилди.

Ходимлар саҳнага чақирилиб, ўз мукофотларини қабул қилди. Бошқа интерактив тадбирларда эса улар пулларни ўзлари санашди – қанча миқдорни санашса, ўша суммани уйига олиб кетишди.
Интернетда тарқалган видеоларга кўра, ходимлар узун столлар устига ёйиб қўйилган нақд пулларни санаган, бошқалар эса саҳнага банкнот боғламларини кўтариб чиққан, айримлари эса пулни зўрға ушлаб турган.
Гала-кеча давомида компания раҳбари Суй Пеижун саҳнадан туриб молия бўлимига мурожаат қилиб шундай деган:
«Нега биз кир ювиш машиналари совға қиляпмиз? Олтин нархи ошган деб ўйлайсизми? Олдинги йилларда биз маржонлар ва узуклар берганмиз. Нақд пул олиб келинг ва ҳар бир ходимга яна 20 000 юан (2 800 доллар) беринг».
Онлайн тарзда тақсимланган бонусларни ҳам қўшганда, йил якуни бўйича умумий тўловлар 180 миллион юандан ошган.
Компаниянинг 2025 йил учун фойдаси 270 миллион юанни ташкил этган. Бу эса фойданинг қарийб 70 фоизи 7 минг нафар ходим ўртасида тақсимланганини англатади.
Компания ҳақида нима маълум?
«Henan Kuangshan Crane Co.» 2002 йил сентябрда ташкил этилган. У кранлар ва материаллар ташиш ускуналари соҳасида ишлаб чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи корхона бўлиб, фаолияти дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатига ёйилган. Суй компания акцияларининг тахминан 98,88 фоизига эгалик қилади.
2024 йилда компания 260 миллион юан (38 миллион АҚШ доллари) миқдорида соф фойда қайд этган. Унинг 170 миллион юани ходимлар ўртасида тақсимланган.
Ўтган йил март ойида, Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан, компания 2000 нафар аёл ходима ўртасида қарийб 1,6 миллион юан (230 минг АҚШ доллари) мукофот тақсимлаган.
Ходимларга тез-тез пул мукофотлари ва имтиёзлар берилиши натижасида интернет фойдаланувчилари Суйни «пул тарқатишни энг яхши кўрадиган босс» деб атамоқда.





