
Яна бир компания заҳарли модда сабаб Ўзбекистондаги болалар озуқаларини қайтариб олмоқда
Болалар сути таркибида аниқланган токсин организмда кучли қайд қилиш ва ич кетиши каби нохуш аломатларни келтириб чиқариш хусусиятига эга.

Франциянинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Lactalis компанияси етказиб берувчилардан бирининг хомашёсида цереулид токсини аниқлангани сабаб Picot бренди остидаги олти турдаги болалар сутини ихтиёрий равишда қайтариб олишини эълон қилди.
«Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган хом ашё таркибида цереулид (cereulide) мавжудлиги сабабли, дорихоналар ва чакана савдо тармоқларида мавжуд бўлган Picot болалар сутининг олтита туркумини ихтиёрий равишда қайтариб олмоқдамиз», - деб баёнот берди.
Цереулид нима?
Цереулид — диарея (ич кетиши) ва қусишга олиб келиши мумкин бўлган токсиндир. Компания вакиллари вазият бўйича ота-оналардан узр сўраб, маҳсулотлар дорихоналар ва йирик чакана савдо тармоқларидан йиғиштирилаётганини маълум қилди.
«Биз ушбу маълумот ёш болали ота-оналарда хавотир уйғотиши мумкинлигини тўлиқ тушунамиз», - деди компания.
AFP ахборот агентлигига компания вакилининг маълум қилишича, Франциядан ташқари, қайтариб олиш жараёни Австралия, Чили, Хитой, Колумбия, Конго Республикаси, Эквадор, Испания, Мадагаскар, Мексика, Ўзбекистон, Перу, Грузия, Греция, Кувайт, Чехия ва Тайванда амалга оширилади.
Компания вакилининг таъкидлашича, сотувдан маҳсулотнинг ҳаммаси эмас, балки фақат маълум бир вақтда ишлаб чиқарилган ва гумон уйғотган саноқли партияларигина (маълум кодли қутилари) йиғиб олинмоқда. Ҳозирча Франция соғлиқни сақлаш идоралари ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида бирон-бир расмий шикоят келиб тушмаганини билдирган.
Nestle ва Danone атрофидаги вазият
Швейцариянинг Nestle корпорацияси ҳам ой бошидан буён 60 га яқин давлатда ўз маҳсулотларини сотувдан қайтариб олмоқда. Сингапур озиқ-овқат агентлиги Nestle ва Франциянинг Danone компаниясига тегишли Dumex бренди маҳсулотларида ҳам юқоридаги токсинни аниқлаган. Франция расмийлари эса Nestle маҳсулотини истеъмол қилган чақалоқнинг ўлими бўйича суриштирув ишларини бошлаб юборган, бироқ ҳозирча ўлим ва маҳсулот ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик исботланмаган.
Lactalis инқирози
Lactalis учун бу биринчи йирик можаро эмас. 2018 йилда компания сальмонелла эпидемияси ва уни яширишга уриниш айбловлари марказида қолган эди. Ўшанда 80 дан ортиқ давлатдан 12 миллион қути болалар сут аралашмаси қайтариб олинганди.





