Янги Жиззах лойиҳаси, армияда кибертузилмалар ва «Ёшлар дафтари»даги ўзгариш — 26 феврал дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Ёшлар дафтари»га кириш тартиби ўзгартирилди
Ҳукуматнинг 78-сонли қарори билан 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими қайта кўриб чиқилди. Янги тартибга кўра, «Ёшлар дафтари»га киритиладиган ёшлар тоифаси ва уларни рағбатлантириш механизми аниқ белгилаб берилган.
Қарорга мувофиқ, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган кам таъминланган фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича «Ёшлар дафтари»га киритилади. Бунда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари ҳамда ҳар бир аъзога тўғри келадиган ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар ёшлари қамраб олинади, аризалар эса давлат хизматлари марказлари, my.gov.uz портали ёки Ёшлар ягона электрон платформаси орқали электрон тарзда қабул қилинади.
Рақамлашаётган бюджет: Ўзбекистонда 29 минг ташкилот янги тизимга ўтмоқда
Ўзбекистонда давлат молиясини бошқаришни рақамлаштириш доирасида бюджет ташкилотларининг харажат буюртмаларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 26 декабрда қабул қилинган PQ-388-сон Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 августга қадар бюджет буюртмаларини электрон тарзда тайёрлаш ва юритиш механизмлари жорий этилади. Бу орқали 29 мингдан ортиқ бюджет ташкилотларида қоғоз сарфи қисқартирилиб, молия ва бухгалтерия ходимлари иш юкламаси енгиллаштирилади.
Янги тартибга кўра, бюджет буюртмаларини тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда ҳужжатларда нафақат харажат моддалари, балки харид қилиниши режалаштирилган товар ва хизматлар тури ҳамда ҳажми ҳақида маълумотлар ҳам акс эттирилади. Бу бюджет маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган харидлар аниқлигини ошириш, «Давлат харидлари» ахборот тизими билан уйғун ишлаш ҳамда харажатларни таҳлил қилиш ва аудит жараёнларини самарали ташкил этиш имконини беради.
Ўзбекистон миллий армиясида кибертузилмалар ва роботлашган техникалар қўлланилади
Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ҳарбий қисмда бўлиб, мамлакат мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳиятини оширишга қаратилганини таъкидлади. Ҳарбий хизматчилар учун ўқув бинолари, ётоқхона, ошхона, маънавият хоналари ва спорт иншоотлари замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозлангани қайд этилди.
Ташриф чоғида давлат раҳбари ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди. Замонавий можароларда сунъий интеллект, дрон, робот ва ракета технологиялари кенг қўлланаётгани инобатга олиниб, қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, кибертузилмалар ҳамда янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилгани айтилди. Шунингдек, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
2025 йилда 189 та давлат харидларида 666 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланган
2025 йил якунларига кўра, давлат харидлари тизимида 666,6 млрд сўмлик 189 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, қонунбузилишлар сони 2024 йилга нисбатан 282 тага ёки қарийб 60 фоизга камайган бўлса-да, уларнинг умумий қиймати 167,9 млрд сўмга ёки 33,7 фоизга ошган, яъни камроқ ҳолатларда йирик молиявий бузилишлар қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда 541,8 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланган, бу жами сумманинг 81,3 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 102 та ҳолат нохолис баҳолаш ва рақобатни чеклаш, 36 та ҳолат манфаатлар тўқнашуви, 32 та ҳолат эса аффилланганлик билан боғлиқ экани маълум қилинган.
Янги Жиззах қурилиш лойиҳалари маълум қилинди
Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани туташ ҳудудида 40 гектар майдонда «Янги Жиззах» турар жой массиви барпо этилиши режалаштирилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа доирасида 50 та кўп қаватли уй қурилиб, 1200 та хонадон фойдаланишга топширилади, шунингдек 1680 ўринли мактаб, 200 қатновли поликлиника ва 280 ўринли боғча барпо этилади. Ҳудудда 21 та давлат идораси жойлашадиган ягона маъмурий бино, ягона жамоат транспорти тизими ва 10 километр айланма йўл ҳам ташкил этилади.
Шу билан бирга, транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 200 километрдан ортиқ автомобил йўллари янгиланади, жумладан D-052 йўли реконструкция қилиниб, ҳудудий ва маҳаллий йўллар таъмирланади. Лойиҳаларни молиялаштиришга Ислом тараққиёт банки ва Жаҳон банки маблағлари жалб этилади, Шароф Рашидов туманидаги 9 та маҳаллада ижтимоий объектлар ва муҳандислик тармоқлари янгиланади. Шунингдек, Жиззах шаҳрида оқова сув тозалаш иншооти қуввати оширилиб, «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида янги кимёвий оқова сув тозалаш иншооти қурилиши режалаштирилган.





