add

Янги йил дастурхонида меъёр ва саломатлик муҳим

Bugun 15:412 daqiqa

Соғлиқни сақлаш вазирлиги байрам кунларида овқатланиш меъёрига риоя қилиш саломатликни асрашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Янги йил дастурхонида меъёр ва саломатлик муҳим

Янги йил байрами арафасида аҳоли ўртасида анъанавий равишда турли хил таомлар тайёрланиб, дастурхонлар безатилади. Бироқ байрам кунлари овқатланиш тартибига эътиборсизлик билан ёндашиш инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли учун махсус тавсиявий кўрсатмаларни эълон қилди.

Тиббий кузатувлар шуни кўрсатадики, байрам даврида ёғли, қовурилган, туз ва шакар миқдори юқори бўлган таомларнинг меъёрдан ортиқ истеъмол қилиниши ошқозон-ичак тизими, жигар, юрак-қон томир ҳамда қанд алмашинуви жараёнларига ортиқча юклама беради. Айниқса, сурункали касалликларга эга фуқароларда бундай ҳолатлар касалликнинг зўрайишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан вазирлик байрам кунларида қовурилган ва оғир ҳазм бўладиган таомлар ўрнига қайнатилган, димлаб ёки буғда тайёрланган овқатларни танлашни тавсия қилмоқда. Майонезли салатлар, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда тузли таомлар улушини чеклаш ҳам саломатлик учун муҳим ҳисобланади.

Мутахассислар дастурхонда сабзавот, кўкат ва табиий меваларга устуворлик беришни, ширинликларни эса меъёрда истеъмол қилишни маслаҳат беради. Шакарли газли ичимликлар ўрнига тоза ичимлик суви ёки кўк чой истеъмол қилиш организм учун фойдали ҳисобланади.

Шунингдек, овқатни секин, белгиланган вақтда истеъмол қилиш, кечки пайт оғир таомлардан воз кечиш тавсия этилади. Байрам кунлари етарли миқдорда сув ичиш моддалар алмашинувини қўллаб-қувватлаб, умумий аҳволни барқарор сақлашга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни Янги йил байрамини хурсандчилик ва яхши кайфият билан, бироқ саломатликка масъулият билан ёндашган ҳолда ўтказишга чақирди.

Teglar

Mavzuga oid