Яқин Шарқдаги зиддият сабаб сайёҳлар визаси узайтирилади
Яқин Шарқдаги кескинлик ортиши ортидан Шри-Ланка ва Балида қолиб кетган хорижлик сайёҳлар учун виза енгилликлар жорий этилди.

Шри-Ланка ҳукумати Яқин Шарқдаги қуролли зиддиятлар сабаб мамлакатда қолиб кетган барча хорижий сайёҳлар визасини автоматик тарзда икки ҳафтага узайтиришга қарор қилди. Бу чора 2026 йил 28 февралда АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасида бошланган можаро ортидан юзага келган авиатранспорт узилишлари оқибатида қабул қилинди.
Расмий маълумотга кўра, визани узайтириш учун сайёҳлардан ҳеч қандай ариза ёки қўшимча ҳаракат талаб этилмайди. Қарор мамлакатдан чиқиб кета олмаётган барча чет эл фуқароларига нисбатан қўлланади.
Низо БAA, Қатар, Уммон ва Баҳрайн орқали амалга ошириладиган транзит рейсларга жиддий таъсир кўрсатди. Ушбу давлатлар Осиё ва Ҳинд океани минтақасидан — Малдив, Сейшел, Маврикий, Шри-Ланка, Индонезия, Малайзия ҳамда айрим Африка мамлакатларидан учадиган парвозлар учун асосий транзит маркази ҳисобланади.
Шри-Ланка ҳукумати Ташқи ишлар вазирлигига турли давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликни кучайтириш топшириқини берди. Мақсад — сайёҳларнинг хавфсиз қайтиши учун Яқин Шарқни айланиб ўтувчи муқобил йўналишларни тезкор ишлаб чиқиш.
Бали оролидаги сайёҳлар учун енгиллик
Шу билан бирга, Индонезия ҳам Балидан чиқа олмаган сайёҳлар учун енгиллик жорий қилди. Денпасардаги Нгураҳ-Рай халқаро аэропорти иммиграция хизмати маълум қилишича, рейслари бекор қилинган йўловчиларга 30 кунгача мажбурий қолиш рухсати — ITKT берилади. Ушбу рухсатномани аэропортнинг ўзида ёки маҳаллий иммиграция бўлимида расмийлаштириш мумкин.
Маълум қилинишича, рейслар бекор қилингани туфайли юзага келган ортиқча қолиш муддати учун жарима ундирилмайди. Бироқ сайёҳлар авиакомпания ёки аэропорт маъмуриятидан рейс бекор қилинганини тасдиқловчи расмий ҳужжат тақдим этиши шарт.





