Ерда сўнгги уч ойдаги энг кучли магнит бўрони қайд этилди
Олимларнинг таъкидлашича, воқеа Ернинг йирик коронал тешик таъсир зонасига кириб қолиши билан боғлиқ.

15 сентябр куни Ерда кутилмаган тарзда кучли магнит бўрони кузатилди. Қуёш астрономияси лабораторияси (XRAS) маълумотига кўра, бўрон даражаси G3 сатҳидан кам эмаслиги қайд этилган. Бу сўнгги уч ойдаги энг кучли геомагнит ҳолат сифатида қайд этилди.
Олимларнинг таъкидлашича, воқеа Ернинг йирик коронал тешик таъсир зонасига кириб қолиши билан боғлиқ. Ер 15 сентябрга ўтар кечаси ушбу чегарани кесиб ўтган. Аввалроқ мутахассислар фақат енгил қўзғалишлар – G1 сатҳидан ошмайди, деб башорат қилган, аммо амалда вазият анча оғирлашган.
Маълумотларга кўра, охирги марта шунчалик кучли магнит бўрони 1–2 июн кунлари кузатилган эди. Бу эса орадан уч ойдан кўпроқ вақт ўтгач яна қайталанган ҳолат ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг фикрича, геомагнит вазиятдаги умумий бузилиш 4–6 кун давом этиши мумкин. Атроф-Ер фазосидаги тўлиқ барқарорлик эса ҳафтанинг охирида кузатилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, экспертлар коронал тешик таъсири барқарор эмаслигини қайд этди. Бўрон бир неча соатлик кучайишлар ва оралиқ сусайишлар билан кечмоқда. Ҳозирги локал кучайиш 6–9 соатда тугаши мумкин, бироқ мутахассислар вазиятни олдиндан аниқ башорат қилиш қийинлигини таъкидламоқда.





