ЕТТБ Тожикистонда электр энергияси йўқотишларини камайтириш учун 50 млн евро ажратмоқда
Маблағ, хусусан, электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ишларига йўналтирилади.
© опора-лэп.рфЕвропа тараққиёт ва тикланиш банки (ЕТТБ)Тожикистонга Сўғд ва Хатлон вилоятларида электр энергияси йўқотишларини камайтириш учун қарийб 50 млн евро миқдорида кредит ва грант ажратмоқда. Бу ҳақда «Азия+» хабар берди.
Банк Тожикистонга электр энергияси йўқотишларини камайтириш мақсадида жами 49,6 млн евро ажратмоқда. Шундан 28 млн евро – кредит, қолган қисми эса қайтарилмайдиган маблағ (грант) ҳисобланади.
Маълум қилинишича, кредит бўйича фоиз ставкаси йиллик «0,5 фоиз+ Eurobir»ни ташкил этади; кредит 20 йил ичида қайтарилиши керак. Дастлабки 6 йил давомида фақат фоизлар тўланади, кейинги 14 йилда эса асосий қарз ва фоизлар биргаликда тўланади. «0,5 фоиз+ Eurobir» дегани фоиз ставкасига «Eurobir» халқаро ставкасига боғлиқ қўшимча қўшилади, у эса ҳар куни ўзгариб туради. Масалан, агар кредит ажратилган вақтда «Eurobir» 0,2 фоиз бўлса, умумий фоиз ставкаси 0,7 фоиз бўлади.
Кредит бўйича келишув 1-апрел куни парламент йиғилишида Олий кенгаш депутатлари томонидан маъқулланган.
Келишув мақсади
Молия вазирининг биринчи ўринбосари Юсуф Мажидий парламент йиғилишида келишувни тақдим этар экан, унинг мақсади электр энергияси йўқотишларини камайтириш, эскирган инфратузилмани алмаштириш, замонавий ҳисобга олиш тизимларини жорий этиш, тўлов интизомини яхшилаш ва маблағ йиғишни кучайтиришдан иборат эканини билдирди.
Лойиҳа доирасида Сўғд ва Хатлондаги электр тақсимлаш тармоқларининг 9 та филиалида модернизация ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа 2025-йил декабрда бошланиб, 2030-йил 30-майгача давом этади.
Қайд этилишича, мазкур келишув 2025-йил 4-декабр куни Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Тожикистондаги доимий вакили Холгер Вифел томонидан имзоланган.
Бундан аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмон парламентга мурожаатида 2025-йилнинг 11 ойи давомида мамлакатда электр энергияси йўқотишлари 3 миллиард кВт·соатни ташкил этганини, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 500 миллион кВт·соатга кам эканини таъкидлаган.
Президент, шунингдек, «айрим соҳадаги ходимлар тўловларни тўлиқ ҳисобга олмагани ва рухсатсиз йўқотишлар аҳоли ҳамда бошқа истеъмолчилар зиммасига сунъий равишда юклангани»ни қайд этди.
Мутахассислар электр энергияси йўқотишларини трансформаторлар, подстанциялар ва электр узатиш линияларини таъмирлаш ва алмаштириш зарурати билан боғлайди. Расмий маълумотларга кўра, йўқотишлар 13 фоизга камайгани айтилса-да, мутахассислар амалда бу кўрсаткич анча юқори эканини таъкидламоқда.





