Европа Иттифоқи Қирғизистонни огоҳлантирди
Европа ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси уруш бошланганидан буён 800 фоизга, Қирғизистондан Россияга экспорт эса 1200 фоизга ошган. Бундай кескин ўсиш Европа Иттифоқини хавотирга солмоқда.

Европа Иттифоқида Қирғизистонга Европа товарларини сотиш Россияга қайта сотиш мақсадида амалга оширилаётгани, жумладан ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган маҳсулотлар ҳам борлиги айтилди. ЕИ ҳужжатида махсус операция бошланганидан буён бундай экспорт сезиларли даражада ошгани қайд этилган.
ЕИ нима хоҳлаяпти?
Европа Иттифоқи Қирғизистон ҳокимиятидан Европа товарларининг Россияга экспорти устидан назоратни кучайтиришни талаб қилди, чунки у Москвага қарши санкциялар доирасида тақиқланган ускуналар етказиб бериш каналига айланган. Бу ҳақда ЕИнинг юқори мартабали вакили Қирғизистонга ташрифи чоғида маълум қилди, деб хабар берди «Reuters».
«Бизда савдо оқимлари ушбу товарлар Қирғизистонга фақат бир мақсад — санкцияларимизни бузган ҳолда Россияга қайта экспорт қилиш учун олиб кирилаётганини кўрсатаётганига асослар бор», — деди ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О Салливан матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон орқали етказиб берилаётган товарлар ҳарбий мақсадларда ҳам қўлланилиши мумкин.
Санкцияларнинг бузилиши
Феврал ойида «The Financial Times» ЕИнинг ички ҳужжатига таяниб, Европа икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган товарларни Қирғизистонга экспорт қилишни тақиқлашни режалаштираётганини хабар қилган эди.
«Уруш бошланганидан бери ЕИдан Қирғизистонга икки хил мақсадли товарлар импорти қарийб 800 фоизга ошган, мамлакатдан Россияга экспорт эса 1200 фоизга кўпайган», — дейилган эди ЕИ ҳужжатида.
FT таъкидлашича, бундай тақиқ ЕИ томонидан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларни қўллашдаги биринчи қадам бўлиши мумкин.
2023 йил июл ойида Қирғизистонда АҚШ санкциялари хавфи туфайли Россияга санкция остидаги товарлар экспорт қилиниши мумкинлиги юзасидан тергов ўтказилган эди. Ўшанда ҳокимият давлат тузилмаларининг бу етказиб беришларга алоқадорлигини рад этган, аммо санкцияларни хусусий компаниялар бузган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.




