ЙҲХБ ҳайдовчиларни жарима балларини ўчиришни ваъда қилаётган фирибгарлардан огоҳлантирди
Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчиларга маълум тўлов эвазига жарима балларини электрон базадан ўчириб беришни таклиф қилаётган шахслар пайдо бўлди. ЙҲХБ бундай хизмат техник жиҳатдан имконсиз эканини таъкидлаб, фуқароларни фирибгарларга ишонмасликка чақирди.
© Foto: avtoelon.uzИжтимоий тармоқларда ҳайдовчиларнинг жарима балларини маълум маблағ эвазига электрон тизимдан ўчириб беришни таклиф қилаётган фирибгарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХБ) ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, жарима балларини электрон базадан ўчиришнинг техник имконияти мавжуд эмас.
«Булар ҳаммаси фирибгарлар. Чунки жарима балларини ўчиришнинг техник имкониятлари мавжуд эмас. Бу онлайн тартибда ҳисобланадиган тизим, тўлиқ ҳимояланган тизим. Шунинг учун фуқароларимизда бунақанги фирибгарларга ишониб қолиш ҳолатлари бўлмаслиги керак. Мана шундай ҳолатга дуч келдими, зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз», — деди у интервьюда.
Фирибгарлар сохта ёзишмалар ва видеолардан фойдаланмоқда
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланган Telegram каналларидан бирида хизматдан аввал фойдаланган мижозлар борлиги ҳақида тасаввур уйғотиш учун сохта ёзишмалар жойлаштирилган.
Шунингдек, каналда эълон қилинган видеолардан бирида гўёки жарима балларини ўчиртирган ҳайдовчининг «миннатдорлик» билдирган мурожаати ҳам тарқатилган.
ЙҲХБ мазкур видеолар ва ёзишмалар фуқароларни алдашга қаратилган фирибгарлик схемасининг бир қисми эканини таъкидлади.
Ҳайдовчиларга бундай таклифларга ишонмаслик, шахсий маълумотлари ёки пул маблағларини номаълум шахсларга бермаслик ҳамда шундай ҳолатларга дуч келганда зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилиш тавсия этилди.
ЙҲХБ вакили, шунингдек, жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 700 нафардан ошганини ҳам маълум қилди. Уларнинг барчасини ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 11 июлда жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 671 нафарга етганди.





