add

ЕИ Венесуэла суверенитети ва халқини ҳурмат қилишга чақирди

05.01.2026 | 11:552 daqiqa

Европа Иттифоқи Венесуэлада кечаётган вазият халқаро ҳуқуқ ва халқ иродаси асосида ҳал этилиши лозимлигини билдирди.

ЕИ Венесуэла суверенитети ва халқини ҳурмат қилишга чақирди

Европа Иттифоқи Венесуэла атрофидаги сўнгги воқеалар юзасидан расмий позициясини эълон қилиб, мамлакат суверенитети ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига қатъий риоя этишга чақирди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас баёнотига кўра, инқирозни ҳал қилишда асосий мезон Венесуэла халқининг иродаси бўлиши керак.

Баёнотда қайд этилишича, Европа Иттифоқи Николос Мадурони демократик йўл билан сайланган қонуний президент сифатида тан олмайди. Шу билан бирга, Иттифоқ Венесуэлада демократияга тинч йўл билан ўтишни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу жараён фақат венесуэликларнинг ўзлари томонидан, мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат сақланган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган.

Кая Калласга кўра, ҳозирги сиёсий инқирозни бартараф этишнинг ягона барқарор йўли — Венесуэла халқининг эркин хоҳиш-иродасини ҳурмат қилишдир. Унинг фикрича, ташқи босим ёки ҳарбий аралашув эмас, балки сиёсий мулоқот ва тинч жараёнлар узоқ муддатли барқарорликни таъминлаши мумкин.

Баёнотда халқаро ҳуқуқ масаласига алоҳида урғу берилган. Каллас ҳар қандай шароитда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиниши шартлигини таъкидлаб, АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида ушбу тамойилларга амал қилишда алоҳида масъулиятга эга эканини эслатган.

Шунингдек, Европа Иттифоқи трансмиллий уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш муҳимлигини тан олган. Бироқ бу каби чоралар фақат суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига тўлиқ амал қилинган ҳолдагина қонуний ва самарали бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Венесуэлада ўтиш давридаги маъмурий бошқарувни Давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида амалга ошириши ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid