add

Йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш қўлланади

Янги тартибга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилади.

Йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш қўлланади

2026 йил 4 февралда қабул қилинган ЎРҚ–1116-сонли қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгаришлар йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун янги таъсир чорасини жорий этишни назарда тутади.

Қонунга кўра, кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар содир этилганда маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши мумкин. Маъмурий огоҳлантириш — ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни такрорламаслик тўғрисида расмий равишда огоҳлантириш ва унга танбеҳ беришдан иборат.

Маъмурий огоҳлантириш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади. Бу жазо тури жарима ёки бошқа маъмурий санкцияларга муқобил тарзда қўлланади ва профилактик характерга эга ҳисобланади.

Қайси ҳуқуқбузарликларга татбиқ этилади

Маъмурий огоҳлантириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1 ва 2-қисмлари, 128(прим 1), 128(прим 2), 128(прим 6), 135(прим 1) ҳамда 138-моддаси 1 ва 2-қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин.

Қўллаш шартлари

Ушбу чора фақат ҳуқуқбузар шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган тақдирда, шунингдек Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолларда ваколатли орган томонидан қўлланади.

Шунингдек, маъмурий огоҳлантириш бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Бу норма жазони суиистеъмол қилишнинг олдини олишга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid