add

Зоминдаги дор йўли 215 млрд сўмга сотилди

Bugun 13:212 daqiqa

«Миллий банк»ка тегишли «Zomin Ropeway» компаниясининг 100 фоиз улушини бир неча ҳафта олдин очилган «Ref Ropeway Invest» МЧЖ сотиб олди.

Зоминдаги дор йўли 215 млрд сўмга сотилди

Давлат банклари 2025 йил охиридан бошлаб туризм учун амалга оширилган лойиҳаларини аукционда сотишни бошлаганди. Улар орасида меҳмонхоналардан тортиб, дор йўли ва кўприклар каби туристик объектлар ҳам бор.

Декабрда «Саноатқурилишбанк»ка тегишли «SQB Capital» Зоминдаги меҳмонхонасини 175 млрд сўмга аукционда сотган эди. Сотилган меҳмонхона ҳудудида «Wyndham» меҳмонхоналар тармоғининг «Wyndham Gardens Zomin» меҳмонхонаси фаолият олиб боради.

photo_2026-01-19_13-32-33

«Миллий банк»ка қарашли «NBU Invest Group» ҳам «Zomin Ropeway» компаниясидаги 100 фоиз давлат улушини 215 млрд сўмга аукционда сотди. Ғолиб «Ref Ropeway Invest» МЧЖ бўлди.

Бу компания расман бир неча ҳафта олдин, 2025 йилнинг 30 декабрь куни рўйхатдан ўтган. Ягона таъсисчиси Феруза Бобоева бўлиб, у Сергелидаги автомобиллар олди-сотдиси билан шуғулланувчи «China Auto Motors» эгаси ҳам ҳисобланади.

Аукцион олдидан Зоминдаги дор йўли учун «Миллий банк»нинг ўзи ўрнатилган тартибда кредит ажратиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бунда 30 фоиз бошланғич тўлов тўланса, қолган 70 фоиз учун банк кредит тақдим қилади.

«Ref Ropeway Invest» компаниясига осма дор йўлининг соз ҳолатда бўлиши ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда эксплуатация қилиниши талаби қўйилган.

photo_2026-01-19_13-24-11

Шунингдек, дор йўлининг тузилиши ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига, дор йўлига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш регламентига қатъий риоя қилиниши, ишга малакали ходимларни жалб қилиш бўйича жавобгарлик юкланган.

Зоминдаги дор йўли 2 102 метр узунликда бўлиб, Швейцариянинг «Bartholet Maschinenbau AG» компанияси томонидан ўрнатилган. 

Объект ичида мижозларни ташиш учун 36 та кабина, 351 та ўринли кўп қаватли автотураргоҳ, 152 ўринли ресторан, кафе, болалар ўйин майдончаси ва бошқа хизматлар мавжуд.


Teglar

Mavzuga oid