
15 ёшли россиялик тўртинчи синф ўқувчисини тожик бўлгани учун пичоқлаб ўлдирди
Қотиллик содир қилган рус йигитнинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати топилган. Марҳумнинг онаси ушбу мактабда фаррош бўлиб ишлаган.

Москва вилоятининг Одинцово округидаги мактабда 15 ёшли ўсмир томонидан содир этилган қуролли ҳужум оқибатида 10 ёшли тожикистонлик мактаб ўқувчиси Қобилжон Алиев ҳалок бўлди. Россия Тергов қўмитаси ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ушбу фожиа миллатчилик ва ксенофобия заминида юз бергани тахмин қилинмоқда.
Москва вилоятининг Горки-2 посёлкасидаги Успен мактабида 16 декабр куни эрталаб содир бўлган воқеада юқори синф ўқувчиси пичоқ билан қуролланган ҳолда мактабдошларига ҳужум қилган. Тарқалган видеотасвирларда босқинчи болалардан уларнинг миллатини сўрагани, сўнгра қўриқчига кўздан ёш оқизувчи газ сепиб, бошқа ўқувчиларга ташлангани акс этган. Олинган оғир жароҳатлар туфайли тўртинчи синф ўқувчиси воқеа жойида вафот этган.
Маълум бўлишича, ҳужум қилган ўсмир жиноятга олдиндан тайёргарлик кўрган ва ўз мақсадини ўқитувчилардан бирига очиқ айтган. У дастлаб математика ўқитувчисини ўлдирмоқчи бўлган, бироқ уни топмагач, бошқаларга ҳужум қилган. Ҳужумдан сўнг ўсмир синф хоналаридан бирига беркиниб олган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Дастлабки сўроқларда у ўз айбига иқрор бўлган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати топилган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада «Sygaown» сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, жиноят неонацистик қарашлар таъсирида содир этилган бўлиши мумкин. Ҳужумчи воқеадан бироз аввал тенгдошларига ўз манифестини юборган бўлиб, унда турли миллат ва дин вакилларига нисбатан нафратини ифода этган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қотиллик ва жиноятга тайёргарлик кўриш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев билан телефон орқали гаплашиб, мазкур масалани муҳокама қилган.
«Тўғридан тўғри телефон мулоқотида шундай даҳшатли жиноятлар жамиятдаги вазиятни кескинлаштириши ва бошқа радикал миллатчи гуруҳларни шунга ўхшаш ҳаракатларга ундашига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди», - дейилади Тожикистон Ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси вазиятни ўз назоратига олган ва Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборган.
«Элчихона вакиллари ҳалок бўлган боланинг онаси билан доимий алоқада бўлиб турибди. Тожикистон томони тергов жараёни адолатли ўтишини ва айбдор муносиб жазоланишини талаб қилмоқда», - дейилади AsiaPlus хабарида.
Марҳумнинг онаси ушбу мактабда фаррош бўлиб ишлаши ва турмуш ўртоғи вафотидан кейин икки фарзандни ёлғиз тарбиялаётган бўлгани айтилмоқда.





