Logo

8 ойда қайси ҳудудларга энг кўп кредит ажратилди?

Бугун 17:472 дақиқа

«Маҳалла лойиҳаси» доирасида ҳудудларга йўналтирилган жами кредит суммаси ўтган йилнинг январ-август ойларига қараганда 47,3 фоизга кўп бўлди.

8 ойда қайси ҳудудларга энг кўп кредит ажратилди?

2026-йилнинг январ–август ойларида «Маҳалла лойиҳаси» доирасида ҳудудларга жами 14,76 трлн сўм кредит ажратилди. 2025-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 10,02 трлн сўмни ташкил этган. Яъни бу 47,3 фоиз ўсиш дегани.

Кредитлаш ҳажми бўйича Тошкент шаҳри етакчи бўлиб, пойтахтга 2,35 трлн сўм ажратилди. Ўтган йили бу сумма 991 млрд сўм эди.

Кредит ажратиш ҳажми бўйича кейинги ўринларда Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари қайд этилган. Ушбу беш ҳудудга жами 7,55 трлн сўм ёки кредитларнинг 51 фоиздан ортиғи тўғри келди. Самарқандда кредит ҳажми 2025-йил январ–август ойларидаги 916 млрд сўмдан мос даврда 1,51 трлн сўмга ўсди. Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 1,08 трлндан 1,44 трлн сўмга етди. Қашқадарёда 882 млрд бўлган бўлса, ҳозирга келиб 1,20 трлн сўмга ошди. Фарғонада эса 867 млрд сўмдан 1,05 трлн сўмга кўпайди.

Қолган ҳудудларда ҳам кредитлаш ҳажми ошган. Навоийда ажратилган кредитлар 447 млрд сўмдан 747 млрд сўмга ўсди. Сирдарёда эса 367 млрд бўлган ва айни пайтда 551 млрд сўмга етди. Андижонда кредитлар ҳажми 683 млрд сўмдан 983 млрд сўмга кўпайди. Наманганда ҳам ўсиш кузатилиб, кўрсаткич 638 млрд сўмдан 914 млрд сўмга ошган.

Бухорода кредитлаш ҳажми 577 млрд сўмдан 773 млрд сўмга ошди. Қорақалпоғистонда эса 541 млрд сўмдан 714 млрд сўмга кўтарилди. Сурхондарёда бу кўрсаткич 588 млрд сўмдан 771 млрд сўмга ўсган. Жиззахда 447 млрд сўмдан 574 млрд сўмга кўпайган бўлса, Хоразмда 565 млрд сўмдан 651 млрд сўмга етди.

Ҳудудлар кесимидаги таҳлил кредитлаш ҳажми билан унинг ўсиш суръати ўртасида фарқ борлигини ҳам кўрсатади. Тошкент шаҳри кредитлаш ҳажми бўйича етакчи бўлган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан энг юқори ўсиш Навоийда 67 фоиз ва Самарқандда 65 фоизни қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид