«Air Arabia» Самарқанд, Бухоро ва Хивага тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиши мумкин
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва «Air Arabia» авиакомпанияси вакиллари билан мамлакатга янги авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва «Air Arabia» авиакомпанияси вакиллари мамлакатга янги авиақатновларни йўлга қўйиш ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа туристик марказларга тўғридан тўғри рейсларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ҳозирда «Air Arabia» Ўзбекистонга Тошкент ва Наманган орқали қатновларни амалга оширади. Тошкентдан Шаржа ва Абу Даби йўналишларида ҳафтасига жами 13 та рейс бажарилмоқда. Музокараларда мавжуд йўналишлардаги қатновлар сонини кўпайтириш масаласи ҳам кўтарилди.
Янги сайёҳлар оқими
Томонлар Европа, Яқин Шарқ, Осиё ва Шимолий Африкадан Ўзбекистонга транзит сайёҳларни жалб қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди. Бу авиакомпаниянинг халқаро йўналишларидан фойдаланиб, мамлакатга келувчи сайёҳлар сонини оширишга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида «Air Arabia»нинг рақамли платформаларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, махсус туристик пакетлар ва қўшма реклама кампанияларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Авиакомпания Ўзбекистонга ташкил этиладиган ахборот сафарларида қатнашувчи блогерлар ва инфлюэнсерларнинг авиачипта харажатларини қоплашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Учрашувда «Air Arabia» самолётларида Ўзбекистоннинг туристик йўналишлари ҳақида ахборот материалларини жойлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
«Умра плюс» ҳамкорлиги
Бундан ташқари, «Умра плюс» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Лойиҳа зиёрат сафарларини Ўзбекистоннинг туристик масканларига ташрифлар билан бирлаштириш имкониятларини назарда тутади.
Учрашув якунида туристик оқимни ошириш ва авиақатновлар орқали туризмни ривожлантиришга қаратилган амалий келишувларга эришилгани маълум қилинди. Бироқ янги йўналишлар бўйича якуний қарорлар ва рейслар жадвали ҳозирча эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар қайта йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.





