Амалга ошмаган «йил битими»: «Halyk Bank» нега «Click»ни сотиб ололмади?

15.04.2026 | 11:256 дақиқа

Қозоғистоннинг йирик молиявий институти — «Halyk Bank» ва Ўзбекистон финтех бозорининг етакчиларидан бири — «Click» ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Марказий Осиё молия соҳасидаги энг катта битимлардан бири сифатида баҳоланган эди. Бироқ катта умидлар билан бошланган 237 млн долларлик келишув ҳозирча тўлиқ амалга ошмай қолмоқда.

Амалга ошмаган «йил битими»: «Halyk Bank» нега «Click»ни сотиб ололмади? © SI asosida yaratilgan

2025 йил 23 июл ойида «Halyk Bank» «Click»нинг 49 фоиз акциясини 176,4 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Шу билан бирга, «Click» акциядорлари банкнинг Ўзбекистондаги шуъба корхонаси — «Tenge Bank» акцияларининг 49 фоизини 60,76 млн долларга харид қилиши керак эди. Томонлар ўз юридик мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда яқин ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Келишув ҳақидаги расмий маълумот ҳатто Лондон фонд биржаси орқали эълон қилиниб, унинг халқаро аҳамиятини янада оширганди. 

Нима учун бу битим муҳим эди?

Ушбу келишув оддий инвестиция ёки акция алмашинуви эмас, балки икки мамлакат молия бозорини яқинлаштирувчи стратегик қадам сифатида баҳоланди. Бир томонда — активлари 37,5 млрд долларга етган ва 2025 йилни қарийб 2 млрд доллар соф фойда билан якунлаган «Halyk Bank» турса, иккинчи томонда — 20 млндан ортиқ фойдаланувчига эга, тез суръатларда ўсиб бораётган «Click» финтех платформаси мавжуд.

«Click»нинг молиявий натижалари ҳам унинг қанчалик кучли эканини кўрсатади. Компания 2024 йилда 295,1 млрд сўм соф фойда олган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 43,8 фоизга кўпроқ бўлди. Бу кўрсаткич ҳатто Ўзбекистондаги тахминан 70 фоиз банклар даромадидан юқори. 2025 йилнинг 9 ойида эса компания қарийб 550 млрд сўм даромад қайд этган.

«Click» бош директори Улуғбек Рустамовга кўра, «Halyk Bank» билан ҳамкорлик хизмат учун янги имкониятлар очади ва чакана банкингда ривожланишнинг янги босқичини бошлайди.

 «Биз «Tenge Bank» билан биргаликда янги авлод банкини қуришни бошлаймиз. Бу биз учун янги бозор, янги жараёнлар ва янги чақириқлар, шу билан бирга янги имкониятлардир», — деди Рустамов. 


Битимнинг энг муҳим жиҳати — компетенциялар алмашинувида. Яъни ҳар икки томон бир-бирининг кучли тарафларини тўлдиради. «Click» учун бу банк тизимига кириш имконияти дегани: депозитлар, кредитлар ва инвестиция маҳсулотларини ривожлантириш учун янги эшиклар очилади. 

«Аслида, бу ерда ҳибрид модел — банк ядросига эга супер-илова шакллантирилмоқда. Бу ёндашув Хитойда аллақачон ўз самарасини кўрсатган (WеЧат Pay, Alipay мисолида) ва ҳозирда Марказий Осиёда ҳам жадал ривожланиб бормоқда», — дейди иқтисодчи Александр Давидов.

Унинг таъкидлашича, бу модел доирасида кейинги босқичларда бир қатор муҳим йўналишлар амалга оширилиши кутилган. Хусусан, банк маҳсулотларини тўғридан-тўғри «Click» интерфейсига интеграция қилиш орқали мижозларга янада қулай ва тезкор хизматлар тақдим этиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес учун кредитлар, эквайринг ва иш ҳақи лойиҳалари каби янги хизматлар йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Мини-иловалар орқали сервислар кенгайтирилиб, ягона экотизим асосида минтақавий бозорларга чиқиш имкониятлари очилиши кутилган.

«Бу ёндашув янги инвесторларни жалб қилиш ва бизнес моделларни диверсификация қилишга хизмат қилиши мумкин эди», – дейди Давидов.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бу борада:

«Ўзбекистон ва Қозоғистондаги илғорлар «Click» ва «Halyk Bank» имкониятларининг бирлашувидан нафақат ушбу компаниялар ютади. Энг катта ютуқда биз истеъмолчилар бўламиз. Банклар ва тўлов ташкилотлари интеграциясидан пайдо бўлаётган янги финтех гигантлар битта эмас, бир нечта бўлиши лозим ва ўзаро рақобатли бўлиши даркор», — дея фикр билдирган эди.

Яна бир иқтисодий таҳлилчи Темурмалик Элмурадов ўз Telegram каналида:

«Бу катта ва муҳим келишув. Энди, эҳтимол, Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлайдиган ягона рақамли экотизим пайдо бўлади. Бунга ўхшаш нарса ҳали бўлмаган», – деб ёзиб қолдирганди.

Битим нега амалга ошмади?

Ушбу келишувнинг амалга ошиши икки давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистон регуляторларининг рухсатига боғлиқ бўлган. 2025 йил 29 сентябрда Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш агентлиги «Halyk Bank»га «Click»нинг 49 фоиз улушини сотиб олишга рухсат бергани маълум қилинган.

Шундан сўнг «Click» ҳам Ўзбекистон Марказий банкидан рухсат олиш учун мурожаат қилган. Бироқ регулятор томонидан розилик берилмаган. Марказий банк вакиллари аввало компаниялар Рақобатни ривожлантириш қўмитасининг дастлабки розилигини олиши шартлигини таъкидлаган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай битимлар учун ҳам Марказий банк, ҳам Рақобат қўмитаси рухсати талаб этилади. Жараён тартибига кўра, Рақобат қўмитаси аризани тахминан бир ойда, Марказий банк эса икки ойгача муддатда кўриб чиқиши керак. Шу билан бирга, Марказий банк қарор қабул қилишда монополияга қарши орган хулосасини инобатга олади.

Агар битим бозорда рақобатни чеклаши мумкин деб баҳоланса, аризани кўриб чиқиш муддати қўшимча ўрганиш учун яна узайтирилиши мумкин. Шу сабабли жараён бир неча босқичдан ўтади ва ҳар бир босқичда алоҳида тасдиқ талаб этилади.

«Ҳозирча битимга рухсат бермадик. Агар улар Рақобат қўмитаси қароридан сўнг мурожаат қилишса, биз уларнинг аризасини белгиланган тартибда кўриб чиқамиз», — дея тушунтирганди Марказий банк ходими.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ўша пайтда вазиятни танқид остига олган: 

«Қонун бўйича Рақобат қўмитаси ҳам, Марказий банк ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқиш муддатига амал қилаётгани йўқ. Ёки ҳаммаси худди эски замондагидек тепада ҳал бўлиши ёки монополистларнинг розилигини олмагани билан боғлиқдир», — деб ёзган эди у.

Натижада, «Halyk Bank» маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги келишув муддати 2025 йил 31 декабрда тугаган. Белгиланган вақт ичида барча ҳужжатлар имзоланмаган ва битим якунланмаган.

«2025 йил 31 декабрда якунланган йил учун консолидациялашган молиявий ҳисоботни эълон қилиш санаси ҳолатига кўра, имзоланган транзаксия ҳужжатларининг амал қилиш муддати тугаган, битим якунланмаган. Томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг вариантлари ва шартларини муҳокама қилишда давом этмоқда», — дейилади ҳужжатда.


Рақобат қўмитаси эса нима сабабдан бу битимга розилик берилмаганини изоҳламаган.

Эътиборли жиҳати, бу ҳолат «Click» учун биринчи марта эмас. Компания 2023 йил ўрталарида «Uzum» билан бирлашиш режасини ҳам эълон қилган, бироқ ўша келишув ҳам Рақобат қўмитаси розилигини ололмагани сабаб амалга ошмаган.

«Click» ва «Halyk банк» ҳақида 

«Click» компаниясига 2011 йилда Улуғбек Рустамов асос солган. Ўша йилнинг 10 ноябр куни компания расман давлат рўйхатидан ўтказилган. 2024 йил 4 июль куни эса «Click» ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириб, МЧЖдан акциядорлик жамиятига (АЖ) айланди. Сўнгги йилларда «Click» мамлакатимиз молия бозорида шундай шиддат билан ўсдики, бугунги кунда у шунчаки компания номи эмас, балки рақамли тўлов жараёнини ифодаловчи бренд-синонимга (умумистеъмолдаги атамага) айланиб улгурди.

Мазкур битимгача «Click» акциядорлари улуши қуйидагича тақсимланган эди: Илёс Азимов — 35 фоиз, Азизилло Ғуломқодиров — 25 фоиз, Илҳом Азимов — 20 фоиз. Қолган улушлар эса Улуғбек Рустамов, Рустам Файзиев, Баҳодир Абдуқодиров ва Жаҳонгир Усмонов ўртасида 5 фоиздан тақсимланган.

«Halyk Bank»нинг асосий акциядорлари миллиардерлар Тимур Кулибаев ва Динара Кулибаева ҳисобланади. Улар банк акцияларининг тахминан 69,48 фоизига «Алмех» ҳолдинги орқали эгалик қилади. «Halyk банк»нинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган умумий инвестициялари 2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, 1,5 млрд долларга етган.

Битим доирасида «Click»нинг умумий қиймати 360 млн долларга, «Tenge Bank» эса 124 млн долларга баҳоланган эди. «Click»нинг банкдан қимматроқ баҳоланиши унинг рақамли экотизим сифатидаги жозибадорлигини тасдиқлайди. 

Маълумот учун: Қозоғистоннинг яна бир йирик финтех гиганти — «Kaspi.kz» ҳам Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирган. Бироқ у «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишдан воз кечган.

Битим Ўзбекистон бозорига қандай имкониятлар очиб бериши мумкин эди?

«Halyk Bank» ва «Click» ўртасидаги келишув тўлиқ амалга ошганида, бу нафақат икки компания, балки бутун минтақанинг молия бозорига жиддий таъсир кўрсатган бўларди.

Жумладан:

  • Рақобатнинг янги босқичи: «Uzum» ва «TBC Bank», «Payme» каби гигантларга муносиб муқобил пайдо бўлиб, хизматлар сифати яхшиланишига ва тарифлар пасайишига хизмат қиларди.

  • Инвестицион жозибадорлик: Бундай йирик транзаксия халқаро инвесторлар учун «яшил чироқ» вазифасини ўтаб, мамлакатга хорижий капитал оқимини жадаллаштирарди.

  • Минтақавий интеграция: Келишув Ўзбекистон ва Қозоғистон молия тизимларининг ўзаро яқинлашиши учун катализатор бўлиб, янги трансчегаравий лойиҳалар даврини бошлаб бериши мумкин эди.

Бироқ, регулятор тўсиқлари ва ҳуқуқий жараёнларнинг кечикиши сабабли, «йил битими» статусидаги ушбу лойиҳа ҳозирча бой берилган имконият сифатида тарихга айланиш арафасида турибди.

Рухсора Жовлиева тайёрлади

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 882

Барчаси

Мавзуга оид

Амалга ошмаган «йил битими»: «Halyk Bank» нега «Click»ни сотиб ололмади? | Vaqt.uz