Илон Маск сунъий интеллект сабаб АҚШ аҳолисига пул тарқатишни таклиф қилди
Миллиардернинг фикрича, робототехника товарлар ҳажмини ошириб юбориши сабабли, бу жараён инфляцияга олиб келмайди.

Миллардер, тадбиркор ва «SpaceX» асосчиси Илон Маск Америка Қўшма Штатлари ҳукумати сунъий интеллект келтириб чиқарган ишсизлик туфайли аҳолига пул тўлаши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг X саҳифасида ёзиб қолдирди.
Илон Маскнинг фикрича, сунъий интеллект ва робототехника товарлар ҳамда хизматларни пул массаси ўсишидан анча юқори ҳажмда ишлаб чиқаради.
«Федерал ҳукумат томонидан бериладиган чеклар орқали умумий юқори даромад — сунъий интеллект келтириб чиқарган ишсизликка қарши курашишнинг энг яхши йўлидир. Сунъий интеллект ва робототехника товарлар ҳамда хизматларни пул массаси ўсишидан анча юқори ҳажмда ишлаб чиқаради, шунинг учун инфляция бўлмайди», — деб ёзди Маск.
«Goldman Sachs» ҳисоботига кўра, сунъий интеллект ривожланиши натижасида дунё бўйлаб 300 миллионта иш ўрни автоматлаштирилиши ёки қисқариши мумкин. Жамғарма маълумотига кўра, сунъий интеллект дунёдаги иш ўринларининг деярли 40 фоизига таъсир кўрсатади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 60 фоизгача етиши мумкин.





