Logo

Анқарадаги президентлар учрашуви: Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича янги қадамларни белгилаб олди.

Анқарадаги президентлар учрашуви: Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий ҳамкорликни кучайтирмоқчи © Foto: president.uz

Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда икки давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон раҳбари Туркиянинг миллий байрами – Республика куни муносабати билан Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ва бутун турк халқини табриклаб, уларга тинчлик-осойишталик, бардавом тараққиёт ҳамда фаровонлик тилаган.

«Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Инвестициялар ҳажми ва янги лойиҳалар

Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида барча даражаларда фаол мулоқотлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ҳамда қўшма корхоналар ва икки давлатни боғловчи авиақатновлар сони изчил ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича мунтазам равишда қўшма тадбирлар ўтказиб келинаётгани алоҳида эътироф этилган.

Президентлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамларни ҳам белгилаб олган. Хусусан, томонлар бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш, ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, истиқболли лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратган.

Шу билан бирга, етакчилар бўлажак тадбирлар режаси, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашган.

Теглар

Мавзуга оид