АҚШда энергетика шоки сабабли инфляция 3,3 фоизгача сакради

Бугун 08:253 дақиқа

АҚШда йиллик инфляция март ойида 3,3 фоизгача кўтарилди. Нархлар ўсишининг асосий катализатори Эрон билан уруш ва кемалар қатновидаги узилишлар сабабли ёнилғи бозорида юзага келган инқироз бўлди.

АҚШда энергетика шоки сабабли инфляция 3,3 фоизгача сакради

АҚШда йиллик инфляция март ойида 3,3 фоизгача сакраб, февралдаги 2,4 фоизлик кўрсаткичдан сезиларли даражада ошиб кетди. Бу ҳолат иқтисодчиларнинг кутувларига мос келса-да, вазиятнинг жиддийлигини камайтирмайди. Нархлар ўсишининг асосий сабаби Эрон билан уруш ва кемалар қатновидаги узилишлар ортидан ёнилғи бозорида юзага келган инқироз бўлди. Бу ҳақда 10 апрел куни «The Wall Street Journal» нашри хабар бермоқда.

Рақамлардаги энергетика шоки

АҚШ Меҳнат вазирлигининг март ойидаги ҳисоботи Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши Америка иқтисодиётига қандай зарба берганининг илк реал исботи бўлди. Энергия манбаларининг нархи йиллик ҳисобда 12,5 фоизга кўтарилди (февралда бу ўсиш бор-йўғи 0,5 фоиз эди). Хусусан, бензин нархи 18,9 фоизга, мазут эса бирданига 44,2 фоизга қимматлади.

Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, бўғоз очилган тақдирда ҳам нархлар аввалги даражасига тез қайтмайди. Компаниялар одатда истеъмолчилар учун нархларни тез оширади, аммо туширишни истамайди. Нефт жуда кўплаб товарлар (косметикадан тортиб спорт анжомларигача) ишлаб чиқаришда ишлатилади, транспорт харажатларининг ошиши эса озиқ-овқат ва кийим-кечак нархига ҳам таъсир қилмай қолмайди. «Stifel» компаниясининг бош иқтисодчиси Линдси Пьегзанинг таъкидлашича, истеъмолчилар бу ортиқча харажатларнинг асосий оғирлигини «эҳтимол бир-икки ойдан сўнг» тўлиқ ҳис қилишади.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги босим

Базавий инфляция кўрсаткичи (озиқ-овқат ва энергия манбалари нархидаги тебранишлардан тозаланган ҳолда ҳисобланадиган фундаментал тенденция) 2,6 фоизни ташкил этди. Бу кутилган 2,7 фоиздан бироз паст бўлса-да, мамлакатдаги умумий инфляцион босимни пасайтирмайди.

Шу билан бирга, бизнес вакилларидан ҳам хавотирли сигналлар келмоқда. Таъминотларни бошқариш институти (ISM) сўровлари компаниялар етказиб берувчиларга кўпроқ пул тўлашга мажбур бўлаётганини кўрсатди. Март ойида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ISM нархлар индекси 7,7 фоиз бандга ўсиб, 70,7 га етди ва 2022 йил октябридан бери энг юқори кўрсаткични қайд этди. Бу истеъмол инфляцияси янада ўсишининг тўғридан-тўғри хавфидир, чунки бизнес бу янги харажатларни охир-оқибат оддий харидорлар зиммасига юклаши кафолатланган.

Федерал захира тизими дилеммаси

Регулятор мураккаб вазиятда қолди: инфляция ҳамон мақсадли кўрсаткичлардан юқори, меҳнат бозори эса совий бошлади. ФЗТ расмийлари бандликни қўллаб-қувватлаш мақсадида пул-кредит сиёсатини жуда тез юмшатиш ва ставкаларни пасайтириш инфляцияни юқори даражада мустаҳкамлаб қўйишидан хавотирда.

ФЗТ раиси Жером Пауэлл хизмат кўрсатиш секторидаги нархларни жиловлаш уддаланмаётганини очиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили хизмат кўрсатиш секторидаги инфляция (уй-жойни ҳисобга олмаганда) амалда бир жойда қотиб қолгани «ҳафсалани пир қилади». Пауэлл ҳолатни «Биз у ерда ҳеч қандай прогрессни кўрмаяпмиз», дея баҳолади.

Бу нима учун муҳим?

Март ойидаги кўрсаткичлар АҚШда инфляцияни яқин орада жиловлаш мумкинлиги ҳақидаги хомхаёлларни чиппакка чиқарди. Яқин Шарқдаги геосиёсий силкинишлар ва беқарорлик ёнилғининг 44 фоизга қимматлашиши орқали америкалик истеъмолчилар учун тўғридан тўғри йўқотишларга айланди.

Шу билан бирга, ФЗТ раҳбарининг хизмат кўрсатиш бозоридаги муваффақиятсизликни тан олиши АҚШ пул-кредит сиёсатидаги тизимли инқироздан далолат беради. Регулятор амалда манёвр қилиш имкониятидан маҳрум бўлди: ставкаларни пасайтириш нархларни янада ошириб юборади, қатъий сиёсатни сақлаб қолиш эса меҳнат бозорини барбод қилади. Натижада, ҳукуматнинг макроиқтисодий балансни ушлаб тура олмаслиги ва корпорацияларнинг инфляцион иштаҳасини назорат қилолмаслиги учун, одатдагидек, базавий товарларни қиммат нархларда сотиб олишга мажбур бўлаётган ўрта қатлам товон тўлайди.

Теглар

Мавзуга оид