Нақдга қайтиш: нега Россияда тўсатдан «кэш» яна оммалашмоқда?
Россия қандайдир ўн йил ичида нақдсиз тўловлар бўйича жаҳоннинг етакчи давлатларидан бирига айланганди. Энди эса ўз ҳукуматининг хатти ҳаракатлари туфайли улар яна нақд пулни афзал кўришмоқда: оширилган солиқлар бизнесни холсизлантирмоқда, интернетнинг блокланиши эса нақдсиз тўловларга бўлган ишончни ўлдирмоқда.
© https://news.bitcoin.com/Дунё бир қанча давлатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам нақдсиз тўловларни оммалаштириш, нақд пулга савдоларни чеклаш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётган бир пайтда нега Россияда нақд тўловлар яна оммалашмоқда? «The Bell» нашри вазиятни таҳлил қилиб чиқди.
Нақд пулнинг кутилмаган «ренессанси»
2026-йилнинг январ ойида бирданига бир нечта йирик иқтисодий индикаторлар Россияда нақд пул орқали тўловлар оммалашиб бораётганини, яъни нақд пул («кэш»)га бўлган талаб кескин ошганини қайд этди. Хусусан, «Сбербанк» мижозларининг ҳисоб-китобларини таҳлил қилувчи «СберИндекс» сервиси йил бошида савдо айланмасида нақдсиз тўловлар улушининг кескин тушиб кетганини аниқлади. Январ ойида бу кўрсаткич 2025-йилнинг декабрига нисбатан 3 фоизга қисқариб, 71,1 фоизга тушиб қолди. Тўғри, статистик нуқтайи назардан январ ойи узоқ давом этадиган Янги йил байрамлари сабабли доим ҳам объектив кўрсаткич бермайди, аммо олдинги йилларда бундай кескин пасайиш умуман кузатилмаган эди (масалан, 2025-йил январида пасайиш 1,2 фоизни, 2024-йилда эса 1,7 фоизни ташкил қилган).
«Сбербанк» раҳбари Герман Греф ҳам феврал ойи охирида Россияда нақдсиз тўловлар улушининг ўсиши «қатор солиқ ташаббуслари» туфайли тўхтаб қолганини расман тан олди. Бундан ташқари, март ойи бошида Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) томонидан ўтказилган сўровнома ҳам «эски ва қадрдон нақд пулнинг ренессанси» юз бераётганини тасдиқлади. Сўровномада қатнашганларнинг 51 фоизи 2026 йилнинг дастлабки ойларида сотувчилар томонидан харид учун нақд пулда тўлаш илтимосига дуч келганини билдирган (таниш манзара, а?). Сотувчилар нақд пул берган мижозларга кўпинча чегирмалар таклиф қилишган ва ҳар бешинчи харидорга бундай таклиф мунтазам равишда бериб келинган.
Яна бир ҳайратланарли рақам: Марказий банк статистикасига кўра, 2026-йил январ ойида россияликлар банк карталари ва ҳисобрақамларидан 2022-йилдан бери рекорд миқдорда — 1,6 трлн рубл нақд пулни ечиб олишган. Марказий банк буни мавсумий норма билан изоҳлашга уринган бўлса-да, аввалги йиллардаги рақамлар бунга мос келмайди (2025-йил январида бу кўрсаткич 500 млрд рубл, 2024 йилда эса 321 млрд рубл бўлган). Демак, аҳолининг нақд пулга ўтиши тасодифий эмас.
Тан олинган «Рус мўъжизаси»
Нақдсиз тўловларнинг ўсишдан тўхташи ва ҳисоб-китобларнинг маълум бир қисми қайтадан нақд пулга ўтиши хавфи солиқчилар, банкирлар ва Россияни жаҳонда нақдсиз тўловлар бўйича етакчи давлатлардан бири сифатида кўришга одатланган амалдорлар учун жуда ёқимсиз янгилик бўлди.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2025-йил якунларига кўра Россияда нақдсиз тўловлар улуши 88 фоизга етган эди. Бу кўрсаткич Германия (49 фоиз), Япония (43 фоиз) ва Франция (52 фоиз) каби ривожланган давлатлардан анча юқори бўлиб, АҚШ (86 фоиз) билан деярли бир хил даражада эди. 2000-йилларнинг охирида бу улуш бор-йўғи 20 фоиздан ошмасди. Ҳукумат ўн йиллар давомида нақдсиз ҳисоб-китобларни оммавий жорий этиш курсини танлади ва бу ўз мевасини берди. 2018-йилда халқаро консалтинг компанияси BCG бу жараённи «Рус мўъжизаси» деб атаган эди. Бу мўъжиза арзон чакана молиялаштириш, банк бозорининг юқори концентрацияси (хусусан, «Сбербанк»нинг устунлиги) ва технологияларга киритилган улкан инвестициялар эвазига рўй берган эди.
Таназзул сабаблари
Хўш, нега бирданига ҳаммаси ўзгарди? Бунинг асосий сабаби сифатида бизнес, хусусан, карта орқали тўлов қабул қилувчи тадбиркорлар учун харажатларнинг кескин ошиб кетгани кўрсатилмоқда.
Янги ҚҚС юки: 2026-йилнинг 1-январидан бошлаб Россияда сўнгги 20 йил давомида амал қилиб келган имтиёз бекор қилинди. Энди банкнинг карта орқали тўловларни қабул қилиш (эквайринг) хизматларига 22 фоизлик ставкада қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) солинадиган бўлди. Бу солиқни гарчи банк тўласа-да, у ўз харажатларини табиий равишда мижозларга (тадбиркорларга) хизмат кўрсатиш тарифларини ошириш орқали юклайди.
Кичик ва ўрта бизнесга зарба: Ушбу янгиликдан энг кўп жабр кўрган қатлам кичик ва ўрта бизнес вакиллари бўлди. Қоидага кўра, йиллик даромади 20 миллион рублдан ошадиган кичик корхоналар 2026-йилдан бошлаб ҚҚС тўлашга мажбур қилинди. Йирик бизнес бу ҚҚСни қайтариб қолиш имконига эга бўлса, кичик бизнес учун бу тўғридан тўғри зарардир. Шу сабабли, кичик савдо нуқталари банк воситачилиги ва солиқлардан қочиш мақсадида харидорлардан нақд пул сўрашга ўтмоқда.
Техник узилишлар ва интернет муаммолари: Солиқ юкидан ташқари, нақд пулга қайтишнинг яна бир муҳим сабаби бор — бу техник инфратузилманинг беқарорлигидир. Экспертларнинг таъкидлашича, Россиянинг айрим ҳудудларида, жумладан Москвада «оқ рўйхатлар» каби чекловлар ва интернетнинг тез-тез узилиши сабабли терминаллар ишламай қолиши кузатилмоқда. Бундай вазиятда нақдсиз тўловлар ўта ишончсиз тизимга айланиб қолади. Тадбиркор ва харидор ўртасидаги савдо тўхтаб қолмаслиги учун энг кафолатланган усул яна ўша анъанавий қоғоз пулларга мурожаат қилиш бўлиб қолмоқда.
Аҳоли: Нақд пул ишончли ва барқарор
Марказий банкнинг 2026–2030-йилларга мўлжалланган ҳисоботида келтирилишича, бугунги кунда россияликларнинг 90 фоизи у ёки бу тарзда нақд пулдан фойдаланади. Аҳолининг 43 фоизи ўзини нақд пулсиз тасаввур қила олмаслигини айтган бўлса, 32 фоизи ўз жамғармаларини айнан «кэш»да сақлайди. Истеъмолчилар нақд пулни «молиявий барқарорликнинг ажралмас элементи» сифатида қабул қилмоқда, чунки у билан ҳар қандай шароитда, интернет бор-йўқлигидан қатъи назар, исталган савдо нуқтасида ҳисоб-китоб қилиш мумкин.
Яширин иқтисодиёт хавфи
Нақд пул айланмасининг ортиши давлат учун энг катта бош оғриғи — «яширин иқтисодиёт»нинг кенгайишига олиб келади. Жаҳон банки тадқиқотлари ҳам нақдсиз тўловлар иқтисодиётни соядан олиб чиқишнинг энг самарали усули эканини исботлаган.
Масалан, Жанубий Кореяда 1999-йилда электрон тўловлар учун солиқ чегирмалари жорий этилгач, солиқ декларацияси топширадиган тадбиркорлар улуши 30 фоиздан 80 фоизгача ошган эди. Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) маълумотларига кўра эса, рақамли тўловларнинг ҳар 1 фоизга ўсиши норасмий сектордаги бандликни сезиларли даражада камайтиради.
Россияда эса бунинг акси кузатилмоқда. Нақд пулдаги савдонинг кўпайиши тадбиркорлик фаолиятининг яширин тус олаётганидан далолат беради.
Ҳозир Россияда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМнинг 10-12 фоизини ташкил қилади. «Кэш»га ўтиш тренди Россия бюджети учун энг ноқулай вақтда — иқтисодиёт секинлашаётган ва солиқлар ошаётган бир пайтда юз бермоқда. Гайдар институти ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил якунларига бориб Россия бюджети микро ва кичик бизнеснинг «солиқларни оптималлаштириши» (яъни, нақд пул орқали солиқдан қочиши) оқибатида 0,5 трлн рубл миқдоридаги улкан маблағни йўқотиши хавфи мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, солиқ сиёсатидаги қатъийлашув ва инфратузилмадаги ностабиллик йиллар давомида қурилган рақамли тўловлар тизимига путур етказмоқда ва аҳоли ҳамда бизнесни ўз молиявий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қайтадан нақд пулга ўтишга мажбур қилмоқда.
Teglar




