Тўқаев ва Мирзиёевнинг норасмий учрашуви, «Аския» бозорининг ёпилиши ва ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақдсиз тушумлар — 10-апрел дайжести

Kecha 23:313 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тўқаев ва Мирзиёевнинг норасмий учрашуви, «Аския» бозорининг ёпилиши ва ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақдсиз тушумлар — 10-апрел дайжести

Мирзиёев ва Тўқаев Бухорода музокара ўтказади

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди ва у ерда 11 апрел куни Қосим-Жўмарт Тўқаев билан олий даражадаги музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари асосий кун тартибидан ўрин олган.

Шунингдек, сиёсий мулоқотни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳукуматлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва транспорт, энергетика, сув ҳамда экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш ҳам кун тартибида бор.

Тошкент халқаро молия маркази фаолияти бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, марказ рақобатбардош капитал бозорини шакллантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган махсус ҳудуд бўлиб, алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади. Қонунлар иерархиясида марказ ҳужжатлари устувор бўлади (Конституциядан ташқари), шунингдек Англия ва Уэлс ҳуқуқи тамойиллари қўлланилади. Марказда мустақил тижорат суди ташкил этилиб, иш юритиш тили инглиз тили бўлади.

Лойиҳада марказ иштирокчиларига 2076 йилгача солиқ имтиёзлари бериш, хорижий валютада эркин операциялар ўтказиш ва капитални эркин чиқариш кафолатланиши назарда тутилган. Шунингдек, крипто-активлар бозорини ривожлантириш, биржаларни лицензиялаш ва назорат қилиш режалаштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача 20–25 млрд доллар инвестиция жалб қилиниши, ЯИМни ҳар йили қўшимча 1 фоизга ошириш, 15 минггача иш ўрни яратиш ва 10 минг мутахассис малакасини ошириш кутилмоқда.

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақдсиз тушумлар ҳажми маълум қилинди

3–8 апрел кунлари Ўзбекистондаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида тушумлар барқарор юқори кўрсаткичларни қайд этди. 3 апрелда тушум 92 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 4–6 апрел кунлари жами 395,5 млрд сўмга етган. 7 апрелда 116,1 млрд сўм, 8 апрелда эса 117,1 млрд сўм тушум қайд этилди ва умумий динамикада ўсиш тенденцияси сақланиб қолди.

Ушбу даврда тўловларнинг 92–95 фоизи банк карталари орқали амалга оширилган. Айни пайтда мамлакатда 70 млндан ортиқ банк карталари муомалада бўлиб, 170 мингга яқини момент карталарни, 60 мингдан ортиғи ёнилғи карталарини ташкил этади. Шунингдек, 46 мингдан зиёд банкомат, АДМ ва инфокиосклар фаолият юритмоқда, уларнинг 7 мингдан ортиғи нақд пул қабул қилиш имкониятига эга.

Ўзбекистонликлар ўқиш учун қайси давлатларни танлаётгани маълум қилинди

2026 йил январ–феврал ойларида Ўзбекистондан 3 964 нафар фуқаро ўқиш мақсадида хорижга чиққан бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 минг нафарга кам ва 23,6 фоизлик пасайишни англатади. Талабалар оқими камайганига қарамай, асосий таълим йўналишлари ўзгаришсиз қолган.

Энг кўп талабалар Россияга (989 нафар) йўл олган, кейинги ўринларда Жанубий Корея (679 нафар) ва Қирғизистон (639 нафар) қайд этилган. Шунингдек, Туркия (300 нафар), Тожикистон (276 нафар) ва Хитой (252 нафар) ҳам оммабоп йўналишлардан бўлиб қолмоқда, яна 829 нафар фуқаро бошқа давлатларни танлаган.

Тошкентдаги яна бир бозор вақтинча ёпилди

Тошкент шаҳридаги “Аския” деҳқон бозори ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол бузилгани сабабли вақтинча ёпилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, текширувлар давомида бир қатор бозорларда жиддий камчиликлар аниқланган. Жумладан, “Наврўз”, “Қўйлиқ” қурилиш бозори, “Абу Сахий”, “Фарҳод” каби савдо объектларининг айрим ҳудудларида қоидалар бузилгани қайд этилган ва айрим жойларда электр таъминоти вақтинча узилган.

“Ўрикзор” савдо комплексининг тўққизта блоки ҳам электр тармоғидан узилган, “Аския” бозорида эса бутун бозор фаолияти тўхтатилган. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг иш фаолияти тикланиши билдирилган. Вазирликка кўра, бу чоралар хавфсизликни таъминлашга қаратилган бўлиб, 5 апрель куни Чилонзордаги ёнғиндан сўнг назорат тадбирлари кучайтирилган.

Teglar

Mavzuga oid