«OpenAI» реклама бозорига кирмоқда: 2030-йилгача 100 млрд долларлик даромад режаси

Bugun 17:352 daqiqa

Компания реклама орқали улкан даромадни кўзламоқда, бироқ бу фойдаланувчилар ишончига таъсир қилиши мумкин.

«OpenAI» реклама бозорига кирмоқда: 2030-йилгача 100 млрд долларлик даромад режаси © Фото: businessinsider.com

Сем Алтман раҳбарлик қилаётган компания илгари асосан пуллик обуналарга эътибор қаратган бўлса, энди реклама бозорига катта урғу бермоқда. Манбаларга кўра, инвесторлар учун тақдимотларда «OpenAI» жорий йилнинг ўзида реклама орқали 2,5 млрд доллар даромад қилишни кутмоқда. 2030-йилга бориб эса бу кўрсаткич 100 млрд долларга етиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Axios» хабар берди.

Жадал ўсиш

«OpenAI»нинг пилот реклама лойиҳаси кутилмаган даражада юқори натижалар кўрсатди: бор-йўғи икки ой ичида у йилига 100 млн доллар доимий даромад келтирди. Шу асосда компания экспоненциал ўсишни прогноз қилмоқда:

2026-йил – 2,5 млрд доллар

2027-йил – 11 млрд доллар

2028-йил – 25 млрд доллар

2029-йил – 53 млрд доллар

2030-йил – 100 млрд доллар

Бу мақсадларга эришиш учун «OpenAI» ўз маҳсулотларидан фойдаланувчи ҳафталик аудитория 2030-йилга бориб 2,75 миллиардга етишини кутмоқда. Бу эса компанияга «Google», «Meta Platforms» («Facebook», «Instagram», «WhatsApp»), «Amazon» ва «TikTok» каби гигантлардан бозор улушини тортиб олиш имконини беради.

Нега чат-ботлардаги реклама «олтин кони» ҳисобланади?

Мутахассислар таъкидлашича, сунъий интеллект хизматларидаги реклама анъанавий рекламага нисбатан анча самарали бўлиши мумкин.

Агар «Meta Platforms» ва «Google» алгоритмлар орқали фойдаланувчининг қизиқишларини тахмин қилишга мажбур бўлса, чат-ботларда эса фойдаланувчилар ўз эҳтиёжлари, мақсадлари ва аниқ қайси маҳсулотни сотиб олишни истаётганини ўзлари бевосита билдиришади.

Бошқа нуқтаи назар

Молиявий истиқболларга қарамай, бу қадам обрўга оид хатарларни ҳам олиб келиши мумкин. Чат-ботларнинг асосий устунлиги шунда эдики, улар реклама берувчи эмас, балки фойдаланувчи манфаати учун ишлайди. Реклама жорий қилиниши эса бу мувозанатни ўзгартириши мумкин.

«OpenAI»нинг асосий рақобатчиси – «Anthropic» – аллақачон ўз принципиал позициясини билдирган. «Super Bowl» трансляцияси давомида улар ўзларининг «Claude» чат-боти рекламаcиз қолишини маълум қилган.

«OpenAI» эса реклама модели сунъий интеллект маҳсулотларини кенгроқ аудитория учун янада оммабоп қилишини таъкидламоқда. Компания реклама контентини СИ жавобларидан аниқ ажратиб туриш учун махсус тамойиллар ишлаб чиқмоқда.

Шу билан бирга, «OpenAI» эҳтимолий IPO олдидан инвесторларга барқарор ва кенг кўламли даромад манбаларига эга эканини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бу даромадлар катта ҳисоблаш қувватлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаши керак.

Бугунги кунда рақамли реклама бозори бепул интернет хизматларининг асосий молия манбаи бўлиб қолмоқда, аммо айни пайтда у фойдаланувчиларни платформаларга боғлаб қўйиши мумкинлиги учун танқид ҳам қилинади.

Teglar

Mavzuga oid

«OpenAI» реклама бозорига кирмоқда: 2030-йилгача 100 млрд долларлик даромад режаси | Vaqt.uz