add

Асосий ставка яна ўзгармади: Ишметов сабабларини тушунтирди

МБ раиси инфляция босими сақланаётгани, нархлар кўтарилиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори сақланиб қолаётганлиги сабаб сифатида келтирди. Бундан ташқари, у банкларга санкция масаласи, долларлашувнинг пасайиши ҳамда ташқи қарз ҳақида изоҳ берди.

Асосий ставка яна ўзгармади: Ишметов сабабларини тушунтирди

Ўзбекистон Марказий банки 24 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда инфляция хавфлари, инфляцион кутилмалар юқорилиги ва нархлар кўтарилиши хавфини инобатга олган ҳолда асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди. Маълумот учун, охирги марта асосий ставка 2025 йилнинг 20 мартида 0,5 фоизга оширилган эди.

Сентябр ойида йиллик инфляция даражаси 8 фоизга тушган, яъни 0,8 фоиз пасайиш қайд этилган. Бу қувонарли ҳолат, аммо аҳолининг нархлар ошишидан хавотирлари ҳануз кучли. Хизматлар инфляцияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таъсирисиз ҳам талаб омиллари ҳисобига умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ таъкидлаганимиздек, умумий инфляция даражаси пасайган бўлса-да, бозордаги нарх-наволар ҳали ҳам юқори. Овқат маҳсулотларининг 68 фоизи қимматлашган, 32 фоизи арзонлашган. Ноовқат товарларининг 86 фоизи қимматлашган, 14 фоизи арзонлашган. Хизматлар соҳасида эса 90 фоиз нархлар ошган, фақат 10 фоизида пасайиш кузатилган.

2025 йилнинг III чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиб, йил якунида ЯИМнинг реал ўсиши 7–7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Инфляция 5 фоизгача тушади

Марказий банк ўрта муддатли истиқболда инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун пул-кредит сиёсатидаги қатъийликни сақлаб боришни режалаштирмоқда.

«Биз кўрсатяпмиз, у камайди, деяпмиз. Лекин ўзи неча бўлиши керак? Нол бўлиши ҳеч қачон тўғри эмас. Инфляциямизни 5 фоизга етказиш ва уни сақлаб қолиш мақсадимиз бор. 5 дан паст бўлиши каби мақсадимиз йўқ. Биз учун шу 5 фоиз етарли деб ҳисобладик — иқтисодий ўсиш ва нарх барқарорлиги ўртасидаги балансни сақлаб қолиш учун», — деди Марказий банк раиси Темур Ишметов.


Банклардаги рақобат

Матбуот анжуманида банклар ўртасидаги рақобат масаласига ҳам алоҳида изоҳ берилди. Хусусан, сўнгги 2,5 йил ичида Ўзбекистонда бирорта ҳам янги банк очилмаган, лекин мижозлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Темур Ишметовнинг айтишича, Марказий банк мамлакатдаги банклар сонини маълум бир даражага етказишни мақсад қилмаган. Унинг сўзларига кўра, бозор иштирокчилари сонини кўпайтириш эмас, балки рақобат сифатини яхшилаш устувор вазифа ҳисобланади.

«Ҳатто мавжуд банклар сони билан ҳам, очиғини айтганда, етарли даражада рақобатни кўрмаяпмиз. Деярли барча банклар бир хил сиёсат олиб бормоқда. Бироқ биз бу соҳада ўзгаришлар бўлишига умид қиламиз. Мен учун банклар сони унчалик муҳим эмас. Асосий вазифа — бозорда рақобат муҳитини яхшилаш. Биз бу йўналишда иш олиб бормоқдамиз», — деди Ишметов.

Марказий банк раиси тўлов операциялари (paytech) билан шуғулланадиган финтехни қўллаб-қувватлашни таклиф этди. Регулятор финтех компанияларига айрим банк хизматларини кўрсатишга рухсат бермоқчи. Яна бир йўналиш — исломий молияни ривожлантириш. Темур Ишметов исломий банкларни анъанавий молия муассасаларининг ўрнини босувчи эмас, балки фуқаролар учун қўшимча имконият сифатида баҳолади.

Аввалроқ микромолия ташкилотларига исломий молия хизматлари кўрсатишга рухсат берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда тўлақонли исломий банк фаолият кўрсатиш ҳақидаги қонун депутатлар томонидан маъқуллангани ҳам ёзилган эди.

Сўм долларга нисбатан 6,4 фоизга мустаҳкамланди

Сўнгги пайтларда глобал сиёсатдаги тебранишлар фонида сўмнинг долларга нисбатан қиймати ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, айни пайтда сўм долларга нисбатан 6,4 фоизга мустаҳкамланди. Cентябрда бу кўрсаткич 3–4 фоиз эди.

Олтин нархининг юқори ўсиши ички бозорга ижобий таъсир кўрсатди: қимматбаҳо металлнинг бир трой унцияси 2610 доллардан 3807 долларгача ошди, натижада бу валюта тушумларини кўпайтирди. Экспорт, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари орқали валюта оқимининг сезиларли ошиши, хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсиши ҳамда импорт барқарорлашуви ички валюта бозорида сўм мустаҳкамланишига таъсир этди.

Темур Ишметовнинг айтишича, Марказий банк бозор билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва аввал ошкор этилмаган маълумотларни мунтазам эълон қилиб боришни режалаштирмоқда: 

«Марказий банкнинг ҳозирги шароитда нейтрал ставкаси ўзи неча деб ҳисоб-китоб қилдик. Нейтрал ставка 4,5 атрофида чиқди. Уни, демак, эълон қилиб бориш, ҳар замонда қайта ҳисоб-китоб қилиш керак», — деди у.

Марказий банк яқин келажакда долларлашувнинг «соғлом» даражасини аниқлашни ҳам режалаштирмоқда. Таъкидланганидек, ҳозирча долларлашувнинг пасайиши қайд этилган, аммо унинг оптимал даражаси аниқ белгиланмаган.

Санкциялар масаласи

Темур Ишметов 24 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россиянинг «Роснефть» ва «Лукойл» нефть компанияларига нисбатан жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистонга эҳтимолий таъсири ҳақида изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай халқаро санкциялар бевосита ёки билвосита Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилади ва регулятор ўз прогнозларида ушбу хатарларни ҳисобга олади.

«Музокараларда санкциялардан мақсад учинчи давлатларга ёки уларнинг халқига зарар етказиш эмаслиги инобатга олинади. Бошқа — учинчи давлатларга таъсир қилмаслиги учун шароит яратиш мақсадида доимий музокаралар ўтказилади. Бунинг шундай тартиби бор. Аминманки, худди шунақа [музокаралар] амалга оширилади. Ният қиламизки, катта эҳтимол билан, хавф унақа юқори бўлмаслиги керак», — деди у.

Шунингдек, Марказий банк раиси Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги банклар санкциялар рўйхатига киритилгани фонида банк секторида иккиламчи санкциялар хавфини минималлаштириш муҳимлигини ҳам таъкидлади:

«Биз иккиламчи санкциялар хавфига тушиш масаласига жудаям жиддий қараймиз. Бир неча йил бўлди, шукрки, сўнгги икки-уч йилда санкциявий комплаенс ҳам, умуман, банк тизимида сал бўлса ҳам такомиллашди ва доимий такомиллаштирилиб бормоқда. Банкларимиз амалиётида санкция остидаги товарлар, ташкилотлар ва банклар билан ҳамкорлик қилмаслик, ишламаслик бўйича қатъий позициямиз бор. Буни жамоатчиликка ҳам, банкларнинг ўзига ҳам айтганмиз. Биз буни қатъий назорат қиламиз. Ва, ўйлайманки, айнан шундай ишлашимиз банкларимиз бирорта санкцияга тушмаслигига олиб келди. Биз бу йўналишда қатъийликни давом эттирамиз», — деди Марказий банк раиси.

Ставка қачон ўзгаради?

Маълумот учун, охирги марта 2024 йилнинг 20 мартида асосий ставка 13,5 фоиздан 0,5 фоизга оширилган эди. Шундан бери ўзгаришсиз қолмоқда. Темур Ишметов ставка қачон кўтарилиши ёки тушиши эҳтимоли ҳақида ҳам изоҳ берди.

Рақамларга қаралса, ҳақиқатан ҳам инфляция кўрсаткичи пасайган. Аммо аҳолининг инфляцион кутилмалари, умумий инфляция босимлари ва нарх-наволарнинг ҳануз қиммат бўлиб қолиши асосий ставка сақланиб қолишига асосий сабаб бўлди. Бу эса иқтисодчилар томонидан «яхши қарор» дея баҳоланмоқда.

Ставкани кўриб чиқиш бўйича кейинги йиғилиш 2025 йилнинг 11 декабрида бўлиб ўтади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 8

Барчаси

Мавзуга оид

Асосий ставка яна ўзгармади: Ишметов сабабларини тушунтирди | Vaqt.uz