
Айрим талабаларнинг ётоқхона харажатлари бюджетдан қопланади
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг давлат ётоқхоналарида яшаш харажатлари бюджет ҳисобидан тўлаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарорига мувофиқ, айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим муассасалари ҳузуридаги талабалар турар жойларида яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилди. Ушбу қарор ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Имтиёз кимлар учун
Қарорга кўра, мазкур имтиёздан «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган фарзандлари фойдаланиши мумкин. Талабанинг грант ёки тўлов-контракт асосида ўқиши мазкур ёрдамни олишга таъсир қилмайди.
Ҳужжатда белгиланишича, ушбу тоифадаги талабалар давлат олий таълим муассасалари ётоқхоналарига устувор тартибда ва навбатсиз қабул қилинади. Бу орқали ижтимоий аҳволи оғир бўлган талабалар учун яшаш шароитларини енгиллаштириш мақсад қилинган.
Талабалар турар жойларида бўш ўринлар бўлмасачи?
Агар давлатга тегишли талабалар турар жойларида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса, талабалар давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган турар жойларга жойлаштирилиши мумкин. Бунда ҳам яшаш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Тўловлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг шахсий банк пластик картасига ўтказиб берилади. Мазкур тартиб шаффофликни таъминлаш ва маблағларни ўз вақтида етказиб беришга қаратилган бўлиб, талабаларнинг таълим олишига тўсиқ бўлувчи молиявий омилларни камайтиришга хизмат қилади.





