Азиз Ҳакимов 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди
Ҳакимов туҳмат, ҳақорат, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд ҳукмига кўра, Рақамли технологиялар вазирлигига блогер юритган Телеграм канални блоклаш мажбурияти юклатилди.
© Фото: Telegram / Comrade_Aziz11-август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ёпиқ мажлисида блогер Азиз Ҳакимовга доир жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.
Суд Ҳакимовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида назарда тутилган урушни тарғиб қилиш жинояти таркиби мавжуд эмас, деган хулосага келди. Шу сабабли у Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди асосида ушбу айблов бўйича оқланди.
Бироқ суд блогерни Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисмидаги туҳмат, 140-моддаси 2-қисмидаги ҳақорат ҳамда 156-моддаси 2-қисмидаги миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари асосида тайинланган жазоларни қисман қўшиш орқали Ҳакимовга якуний 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан Рақамли технологиялар вазирлигига Ҳакимов юритган Телеграм мессенжеридаги «Comrade_Aziz» каналини блоклаш мажбурияти юклатилди.
Бундан ташқари, ишдаги 6 нафар жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари судига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Судланувчига ҳукм устидан юқори суд инстанциясига шикоят бериш муддати ва тартиби ҳам тушунтирилди.
Маълумот учун, Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари, жумладан, СССРни тарғиб қилиб, уни қайта тиклаш зарурлиги ҳақидаги фикрлари билан танилган.
Шунингдек, унинг 1930 йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда 1920 йиллардаги миллий-озодлик кураши иштирокчилари хотирасини қоралаган чиқишлари ижтимоий тармоқларда баҳс ва норозиликларга сабаб бўлган.





