
Bank of America: Олтин 2026 йилда унцияси 5000 долларга етиши мумкин
Bank of America тахминига кўра, АҚШ сиёсати ва глобал талаб 2026 йилда олтин нархини унциясига тарихий 5000 доллар чегарасигача етказиши мумкин.

Bank of America (BofA) 2026 йил учун олтин нархи бўйича рекорд прогнози эълон қилди. Банкнинг Investing.com нашрига юборган таҳлилий маълумотларига кўра, ушбу қимматбаҳо металл унцияси 2026 йилда 5000 доллар чегарасига етиши мумкин.
BofA стратеглари Майкл Отмер раҳбарлигида тайёрлаган «Келаси йилга назар» номли ҳисоботида таъкидланишича, олтин ҳозирда техник жиҳатдан «ортиқча сотиб олинган» ҳолатда бўлса-да, инвестициявий нуқтайи назардан ҳануз етарлича қамраб олинмаган. Бу эса бозорни юқори баҳоларга қарамай қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Банк мутахассислари АҚШдаги ноанъанавий иқтисодий сиёсат, хусусан, Федерал резерв тизимининг ҳозирги позицияси, 2025 йилда олтин нархининг ўсишига хизмат қилган бош омиллардан бири бўлганини таъкидламоқда. Бу макроиқтисодий муҳит 2026 йилда ҳам сақланиб қолса, унцияси учун 5000 доллар нарх реал кўриниш касб этиши мумкин.
Шу билан бирга, BofA олтиннинг ўртача нархи 2026 йилда 4538 доллар бўлишини кутмоқда. Бу ҳисоб-китоблар қатор хомашё бозорларидаги чекланган таклиф, захираларнинг камлиги ва минтақалар бўйича номувофиқ талаб билан боғлиқ кенгроқ тенденция доирасида берилмоқда.
Бошқа металлар бўйича эса вазият бошқача. Масалан, банк мис ва алюминий таъминотида 2026 йилда ҳам чекловлар сақланишини тахмин қилмоқда. Агар Хитойдаги талаб 3 фоиздан ортиқ пасаймаса, мис танқислиги давом этади, деб ҳисоблайди банк. АҚШ ва Европадаги талаб эса бу жараённи мувозанатлаштириши мумкин.





