Logo

«Billionaire Census»: Сайёрамизда қанча бой бор?

Бугун 20:556 дақиқа

«Altrata» таҳлилига кўра, 2025 йилда дунёдаги миллиардерлар сони тарихий максимумга етган. Бойликнинг асосий қисми «супермиллиардерлар» қўлида тўпланган.

«Billionaire Census»: Сайёрамизда қанча бой бор?

«Altrata» таҳлилий компаниясининг 13-маротаба эълон қилинган «Billionaire Census» ҳисоботига кўра, 2025 йилда дунё бўйича миллиардерлар сони тарихий максимумга чиқиб, 3 795 нафарга етди. Бу борадаги 8,2 фоизлик ўсиш сўнгги беш йил ичидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Қимматли қоғозлар бозорининг кўтарилиши, сиёсатдаги рағбатлар ҳамда сунъий интеллект «буми» энг бадавлат кишилар бойлигининг жадал ўсишига туртки берди. Натижада миллиардерлар клубига яна 287 нафар янги аъзо қўшилиб, уларнинг сафи сўнгги ўн йилликда қарийб 60 фоизга кенгайди. Умуман олганда, дунёдаги миллиардерлар сони 2020 йилдан буён энг кучли ўсишни қайд этган.

Ҳисобот муаллифларининг билдиришича, миллиардерларнинг умумий бойлиги 12,8 фоизга ошиб, рекорд даражага — 15,1 триллион долларга етди. Бу ўша вақтдаги «S&P 500» индекси умумий бозор капитализациясининг қарийб тўртдан бир қисмига тенгдир. Бойлик миқдори кетма-кет учинчи йил жадал ўсмоқда ва ҳозирда битта миллиардернинг ўртача маблағи 4 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Бироқ бойликнинг медиана кўрсаткичи 2 миллиард долларга яқинроқлиги аниқланган. «Altrata» хулосасига кўра, бу эса маблағларнинг асосий қисми энг бой кишилардан иборат эксклюзив «супермиллиардерлар» гуруҳи қўлида тўпланганини кўрсатади.

«2025 йилда миллиардерлар умумий бойлиги ўсишининг асосий омили сунъий интеллектга сармоя киритиш атрофидаги шов-шувлар бўлди. Аммо бу глобал инвестиция портфелларини шакллантирган ягона туб ўзгариш эмасди», — дейилади таҳлилда.

Таъкидланишича, йил давомида мураккаб геосиёсий вазият, АҚШдаги савдо муносабатлари ва сиёсий меъёрларнинг тез-тез қайта кўриб чиқилиши туфайли бозорда жиддий тебранишлар кузатилган. Бунинг натижасида глобал капиталнинг бир қисми АҚШ активларидан чиқиб, турли тармоқлар ва минтақавий бозорлар бўйлаб диверсификация қилинган.

Миллиардерлар глобал бойликнинг улкан қисмини назорат қилмоқда

Нашрга кўра, жаҳон иқтисодиётида бойликнинг тақсимланиши жамиятнинг барча қатламлари кесимида ниҳоятда номутаносиб. Миллиардерлар «глобал бадавлат қатлам»нинг жуда кичик бир қисмини ташкил қилса-да, умумий соф бойликнинг ҳайратланарли даражада катта улушига эгалик қилади. Бойликнинг тор доирада тўпланиши ҳатто дунёнинг энг бадавлат кишилари орасида ҳам яққол кўзга ташланади. Хусусан, технология компаниялари акцияларининг жадал қимматлашиши энг бой миллиардерлар ва бошқа миллиардерлар ўртасидаги тафовутни янада кенгайтиргани маълум қилинган.

2025 йилда дунё бўйлаб шахсий бойлиги 5 миллион доллардан ошадиган тахминан 5,9 миллион киши қайд этилган бўлиб, уларнинг умумий соф бойлиги 116 триллион долларга баҳоланмоқда.

«Миллиардерлар соф бойлиги 5 миллион доллардан ортиқ бўлган кишиларнинг бор-йўғи 0,07 фоизини ташкил қилса-да, мазкур гуруҳ жами бойлигининг 13 фоизига эгалик қилади», — дейилади «Altrata» ҳисоботида.

Агар фақат ўта бадавлат инсонлар (UHNW – бойлиги 30 миллион доллардан ортиқ бўлган дунё бўйича қарийб 557 минг нафар киши) қатламига эътибор қаратилса, миллиардерлар бу тоифанинг атиги 0,7 фоизини ташкил этади. Аммо уларнинг 15,1 триллион долларлик жами маблағи мазкур ўта бадавлат қатлам умумий бойлигининг нақ 24 фоизини ташкил қилади.

Миллиардерларнинг улкан бойлиги тобора тор доирада тўпланиб бормоқда

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда технология тармоғининг кенгайиши, сунъий интеллект компаниялари қийматининг кескин ошиши ва капитал бозорларидаги қўшимча даромадлар ўзига хос бир тенденцияни юзага келтирди. Эндиликда миллиардерларнинг ўзида ҳам бойлик тақсимотидаги номутаносиблик янада кучайди. Натижада маблағлар глобал бойлик пирамидасининг энг чўққисидагилар фойдасига оғиб бормоқда.

Дунёдаги миллиардерларнинг қарийб ярми (46 фоизи) 1 миллиарддан 2 миллиард долларгача соф бойликка эга бўлиб, бу кўрсаткич уларни миллиардерлар рейтингининг «энг қуйи» поғонасига жойлаштиради. Ушбу қатламнинг яна учдан бир қисми эса 2 миллиарддан 5 миллиард долларгача шахсий маблағга эгалик қилади. Биргаликда бу икки гуруҳ жами миллиардерларнинг 82 фоизини ташкил этади.

«Барча миллиардерларнинг қарийб ярми 1–2 миллиард долларлик соф бойликка эга», — дейилади ҳисоботда.

Бойлик пирамидасининг юқорига кўтарилган сари сараланиш даражаси кескин ошиб бориши кузатилмоқда. Тахминан ҳар тўққиз миллиардердан бири 5 миллиарддан 10 миллиард долларгача соф бойликка эга ва 2025 йилда бу гуруҳ 425 кишини ташкил қилди. Ундан ҳам юқори поғонада эса ҳар бири 10 миллиард доллардан зиёд маблағга эга бўлган 278 нафар ўта бадавлат миллиардер жойлашган бўлиб, улар дунё миллиардерларининг қарийб 7 фоизини ташкил қилади (бу кўрсаткич 2021 йилда 192 нафар бўлган).

«Супермиллиардерлар» даври

«Altrata» маълумотларига кўра, мазкур сара гуруҳ ичидаги 29 киши «супермиллиардер» мақомига эга ва уларнинг ҳар бири 50 миллиард доллардан зиёд маблағни назорат қилади. Бу элита тоифа сўнгги ўн йилликда шиддатли суръатда бойлик орттирган. Бу эса глобал бойликнинг энг юқори чўққида ҳаддан зиёд тўпланиб қолганини яна бир бор тасдиқлайди. 2025 йилда сайёрамизнинг 29 нафар энг бой одами (жами миллиардерларнинг 0,7 фоизи) 4,1 триллион долларлик соф бойликка эга бўлди. Бу барча миллиардерларга тегишли бойликнинг нақ 27 фоизи ҳисобланади.

«Йигирма тўққиз нафар супермиллиардернинг ҳар бири 50 миллиард доллардан ортиқ маблағга эга бўлиб, улар жами миллиардерлар бойлигининг 27 фоизини назорат қилмоқда. Ҳолбуки, 2017 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 7 фоиз бўлган. Уларнинг улуши ҳозиргидан қарийб тўрт баробар кам эди», — дея қайд этади тадқиқотчилар.

Супермиллиардерлар гуруҳида киши бошига ўртача 140 миллиард доллар тўғри келади. Бироқ ҳар қандай молиявий тоифада бўлгани каби, бу ерда ҳам маблағлар бир текис тақсимланмаган. Технология соҳаси энг бадавлат кишилар учун бойликни каррасига кўпайтириб берувчи асосий двигател бўлиб қолмоқда. Сўнгги пайтларда сунъий интеллект соҳасидаги инвестиция буми ва йирик корпоратив битимлар туфайли уларнинг активлари кескин ошгани кузатилган.

Бундай шахслар қаторига Ларри Пейж (АҚШ; Google) ва Жефф Безосни (АҚШ; Amazon) киритиш мумкин. Дунёнинг энг бой инсони Илон Маск ҳам шубҳасиз ана шулар жумласидандир. Таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида унинг шахсий бойлиги мислсиз даражада ошган. Ҳатто 2026 йил ўрталарида «SpaceX» аэрокосмик компанияси акциялари оммавий савдога чиқарилгач, у вақтинчалик тарихдаги илк триллионерга айланган.

Сунъий интеллект

2023 йилдан бери дунё миллиардерлари бойлиги ўсишининг энг асосий омилларидан бири сунъий интеллект соҳасидаги инвестиция буми бўлиб келмоқда. Тадқиқотга кўра, бу тенденция 2025 йилда ва 2026 йилнинг биринчи ярмида янада яққол кўзга ташланди. Инвесторларнинг генератив сунъий интеллект, йирик тил моделлари, булутли ҳисоблашлар ва мазкур технологияга асосланган дастурий таъминотга бўлган улкан қизиқиши соҳага мисли кўрилмаган миқдорда сармоя жалб қилган. Натижада кўплаб технологик компанияларнинг бозор қиймати кескин ошди.

Бу жараёндан энг кўп манфаат кўрганлар, асосан, ускуна ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилари бўлгани айтилади. Бироқ сунъий интеллектга киритилаётган сармояларнинг «суперцикли» рақамли таъминот занжирининг бошқа кўплаб тармоқларида, хусусан, корпоратив молиявий ҳисоботларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Сўнгги йиллардаги рекорд даражадаги хусусий инвестициялар, муваффақиятли IPO (акцияларни оммавий савдога чиқариш) жараёнлари ва сунъий интеллект стартапларининг юқори баҳоланиши янги авлод миллиардерларини юзага келтирган. Бу тўлқин базавий моделлар ва булутли иловалардан тортиб, робототехника ҳамда киберхавфсизлик каби қатор йўналишларни қамраб олган.

Ҳисоботда қайд этилишича, миллиардерлар маблағининг катта қисми, одатда, ўз компаниялари акцияларида сақлангани сабабли, дунёнинг етакчи технология гигантлари асосчилари ва йирик акциядорлари бу ўсишдан энг кўп фойда кўрган. Натижада уларнинг шахсий бойлиги каррасига ошган. Юқорида таъкидланганидек, айрим супермиллиардерларнинг маблағи сўнгги бир йил ичида ўнлаб миллиард долларга кўпайган. Бу эса глобал бойлик пирамидасининг энг юқори поғонасидаги саноқли технологик тадбиркорларнинг ҳукмрон мавқеини янада мустаҳкамлаган.

Теглар

Мавзуга оид