
Биржада шакар ва пахта толаси нархларида пасайиш кузатилди
Ўтган ҳафта давомида ўтказилган биржа савдолари аввалги ҳафтага нисбатан 11,5 фоизга камайгани маълум бўлди.

Ўтган ҳафта, 3–9 ноябр кунлари «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 33 668 та битим тузилиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 11,5 фоизга кам. Бу ҳақда биржа ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу битимларнинг 37 фоизи биржа савдоларига, қолган 63 фоиз қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келди. Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 12 447 та битим тузилди.
Биржа савдоларига 21 213 тонна пахта толаси қўйилди ва ундан 16 403 тоннаси, яъни 77,3 фоизи сотилди. Бу даврда барча навли пахта толасининг бир тоннасининг кунлик ўртача нархи 18 млн 282,2 минг сўмдан 17 млн 963,3 минг сўмгача пасайди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада биржа савдоларида 463 тонна шакар сотилди. Бир тонна шакарнинг кунлик ўртача нархи 12 млн 870,1 минг сўмдан 12 млн 866 минг сўмгача пасайди.
Бундан ташқари, ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 11 103 тонна аммофос қўйилиб, ундан 3 986 тоннаси сотилди. Бир тонна аммофоснинг кунлик ўртача нархлари 7 млн 915,3 минг сўмдан 7 млн 694,9 минг сўмгача пасайди.





